Жамият | 12:50 / 10.08.2018
16113
6 дақиқада ўқилади

Андижондаги бозор муаммолари тан олинди. Мутасаддилар энди қандай ишларни амалга оширади?

Фото: Kun.uz

6 август куни «KUN.UZ» сайтида – «Андижон «Жаҳон бозори»га «СЭС» бориб турармикан?..» сарлавҳали мақола берилган эди. Унда «Андижон Жаҳон савдо комплекси» АЖ ҳудудида санитария ҳолати жуда ёмон аҳволда экани, бу салбий ҳолат аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳақида ёзилиб, бозордаги камчиликлар фотолавҳалар орқали кўрсатилганди.

Мазкур мақолага Республика Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ўз муносабатини билдириб маълумотнома юборган.

«Республика ДСЭНМ 6 август куни «KUN.UZ» сайтида эълон қилинган «Андижон «Жаҳон бозори»га «СЭС» бориб турармикан?..» сарлавҳали мақоласида кўтарилган масаланинг мазмун-моҳиятини ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади. 

«Андижон Жаҳон буюм бозори» АЖ ҳудудида 1509та савдо нуқтаси, 15та умумий овқатланиш шохобчаси, 7та ҳожатхона ва бозор маъмурияти биноси жойлашган.

Мақоладаги фотолавҳаларда кўрсатилганидек, бозор маъмурияти томонидан тадбиркорлик субъектлари томонидан амалдаги санитария қоида ва меъёрларига жавоб бермайдиган фаолият юритиш, умумий овқатланиш объектларидаги салбий ҳолатлар, ноқонуний савдо дўконлари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этилишига йўл қўйилган. Бу эса аҳолининг эътирозига сабаб бўлган.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, ДСЭНМ мутахассислари томонидан тадбиркорлик субъектлари эътиборига амалдаги қоида ва меъёрлар етказилишига қарамасдан, бозор ва унинг ҳудудидаги улар томонидан савдо маданияти ва қоидалари, тозалик ва орасталик билан боғлиқ талаб ва тавсияларга амал қилмаслик оқибатида дилни хира қиладиган манзаралар вужудга келган.

Мазкур мақолада бозор, савдо ва аҳолига маиший хизмат масаласи билан боғлиқ долзарб муаммолар кўтарилган. Аммо материалда мазкур масалага бевосита маъсуллар эътибордан четда қолиб кетган». 

Республика ДСЭНМ томонидан берилган маълумотда бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, мавжуд камчиликлар келиб чиқишига эътибор қаратмагани учун субъект раҳбарлари ва мутасаддилар жавобгар экани билдирилган.  

Маълумотномада бозор ҳудудида жойлашган объектлар амалдаги санитария қоида ва меъёрлари талаби даражасида эмаслиги тўғрисида Андижон шаҳар Давлат санитария ва эпидемиология маркази томонидан «Андижон Жаҳон буюм бозор» АЖ маъмуриятига жорий йилда расмий равишда 2 марта, ҳар бир тадбиркорлик субъектига 3 мартадан мавжуд камчиликларни баратараф этиш, амалдаги талабларга риоя қилиниши юзасидан тавсия хатлари киритилгани кўрсатиб ўтилган.

Унда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва қонуности ҳужжатларида объектларнинг санитария ҳолатлари бўйича жавобгарлик шу объектнинг раҳбарига юклатилганига эътибор қаратилишига урғу берилади.

«Бугунги кунда Андижон шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорати томонидан тадбиркорлик соҳасига кенг имкониятлар яратиш, уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда соҳа йўналишлари бўйича доимий тушунтириш ишлари олиб бориш тизимли йўлга қўйилган, мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Бироқ белгиланган тавсия ва қоидаларни бажариш ва уларга амал қилишда юзакиликларга йўл қўйилганини кузатиш мумкин. Соҳа эгалари ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини юксалтириш борасида яратилаётган кенг имкониятлар ва шарт-шароитлардан тўғри ва самарали фойдаланилса, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати бўйича тегишли қоидаларга амал қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», дейилади хатда.

Юборилган маълумотномада Республика ДСЭНМ соҳага доир муаммоларни тегишли тартибда ҳал қилиш, аҳолининг тиббий саводхонлиги юксалтириш масалаларида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирган.

«KUN.UZ» таҳририяти мутасадди ташкилот томонидан аҳоли мурожаати асосида тайёрланган таҳлилий материалга ўз вақтида жавоб йўллаганини эътироф этади.

Аҳоли вакиллари таҳририятга юборган мурожаатида «Андижон Жаҳон буюм бозори»даги муаммоли ҳолатни бартараф этишда ДСЭНМ вакилларининг иштирокини сўрашганди. Республика ДСЭНМ томонидан юборилган маълумотномада қонун талабларига биноан соҳа ходимлари ҳозирда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашмасдан санитария меъёрлари ва қоидалари юзасидан тавсия ва таклифлар беришлари мумкинлиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Андижон шаҳар ДСЭНМда 150 нафар ходим турли йўналишларда иш олиб боради. Муассаса томонидан ҳудуддаги мавжуд бозорлар ҳолатини ўрганиб бориш учун бир нафардан ходим ажратилган. Аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойларидаги бугунги санитария ҳолати, мазкур соҳа ходимларининг таъсир доирасини кучайтириш зарурият эканлигини кўрсатиб турибди.

Таҳририят ўз ўрнида Республика ДСЭНМ ва унинг тизимидаги ташкилотлар билан соҳадаги муҳим ўзгаришлар, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида тиббий саводхонликни ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилишини билдиради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид