Спорт | 20:45 / 10.08.2018
13474
14 дақиқада ўқилади

Англияда супермавсум бошланмоқда. Энди ким чемпион бўлади?

Англия премьер-лигасида бу ёзда янгиланишлар бўлди. Англия чемпионати энди янада қизиқроқ бўлиши кутилмоқда.

Фаворитлар

Фото AFP

Премьер-лига, стереотиплар яратиш ва уларни яксон қилиши билан ажралиб туради. 10 йил муқаддам Англияда «кучли тўртлик» бор эди ва бу ҳудудга «МЮ», «Арсенал», «Челси» ва «Ливерпуль»дан бошқа жамоа кира олмайдигандек эди. Аммо кейин биз «кучли олтилик»ка ўрганиб қолдик. 2015 йилда ҳеч ким ўртамиёна жамоа мамлакат чемпиони бўлишини хаёлига келтира олмасди. Аммо кутилмаганда «Лестер» «улоқни илиб кетди». Ўтган мавсум арафасида ҳам «Манчестер Сити» 3та рақамдан иборат очколарни тўплашини кутмаганди, аммо якунда Гвардиола иккинчи ўриндаги «МЮ»га 19 очколик фарқ билан юқоридан қараб турарди.

Энди эса «Манчестер Сити» узоқ вақтгача Англияда гегемонлик қиладигандек туюлмоқда. Пеп Гвардиола жамоани машинага айлантирди, бу жамоа ҳеч кимдан қўрқмайди: на кучли рақиблардан, на тўрт фронтда жанг олиб боришдан, на жароҳатлардан, на ротациялардан ва на автобус жамоалардан. «Шаҳарлик»лар жамоасида деярли барча чизиқда ЕЧЛ даражасидаги икки нафардан футболчи бор (фақат дарвозабон ва таянч зонасида биттадан). Шундай экан, «Сити» бу мавсумда ҳам чемпионлик учун яққол фаворит.

Аммо Гвардиола жамоаси мавсумнинг иккинчи қисмида бўшаши мумкин. Ўтган мавсумда жамоа очко йўқота бориш билан бирга, камроқ гол урди. Демак, бошқа жамоаларда ҳам имконият бўлади.

Ғарб нашрларида ва букмекерлик идораларида «Ливерпуль»ни ҳам соврин учун асосий даъвогарлардан бири сифатида ҳисоблашмоқда. Бу жамоа бунга ҳақли: жамоанинг барча лидерлари ва бош мураббий ўз жойида қолди, ўтган мавсумдаги кучсиз чизиқлар кучайтирилди, жамоанинг салоҳияти ўта юқори.

Жозе Моуриньо эса мавсумлар оралиғида жанжал кўтарди, у «МЮ»нинг асосий футболчилари жаҳон чемпионатидан барвақт қайтмагани ва мавсумолди йиғинида иштирок этмаганидан норози бўлди. Жамоа таркибни фақат бир ҳафта муқаддамгина йиға олди. Аммо «қизил иблислар» олтин медаллар учун асосий даъвогарлар қаторида қолаверади.

«Тоттенҳэм» ёзги трансферлар вақтида бирор трансфер амалга оширмаган ягона жамоа бўлди. Нима қипти? Маурисио Почеттино қўли остида шундоқ ҳам рақобатбардош жамоа бор, жамоа етакчиларини таркибда сақлаб қолган. Демак, бу жамоа ҳам биринчи ўринни эгаллай олиши мумкин.

«Арсенал» ва «Челси» билан бу мавсумда нима бўлиши қизиқ. Икки жамоада ҳам янги мураббийлар иш бошлади, бу мураббийларнинг иккиси ҳам аввал Англияда ишламаган. Лекин, бу масалан Контега биринчи мавсумдаёқ жамоасини чемпион қилишига халал бермаганди. Бирдан Унаи Эмери ёки Маурисио Саррида ҳам шундай бўлиб қолиши мумкин. Қолаверса, иккала жамоа ҳам бу мавсумда ЕЧЛда қатнашмайди ва ички чемпионатга бор эътиборни қаратиб, бошқаларга нисбатан кўпроқ имкониятга эга бўлади.

Ўтган мавсум совриндорлари
«Манчестер Сити» барчани ер тишлатиши мумкин эди, аммо жамоа фақат икки соврин билан кифояланди: Англия чемпионлиги ва Англия Лигаси Кубоги. Чемпионлар лигасида «шаҳарликлар» ҳам асосий фаворитлардан бири эди, лекин жамоа чорак финалда «Ливерпуль»га икки марта мағлуб бўлди, шундай экан еврокубокларда Юрген Клопп Гвардиолани ортда қолдирди. Ўтган мавсум арафасида Суперкубокни Арсен Венгернинг «Арсенал»и қўлга киритганди. Англия Кубогида эса «Челси» ғолиб чиқди. Гарчи бу соврин Антонио Контени жамоада олиб қололмаган бўлсада.

Бу мавсумда илк соврин эгасини топиб бўлди

Англия лигаси Кубоги ва премьер-лига кубоги ёнига «Манчестер Сити» Суперкубокни ҳам қўшиб қўйди. «Челси» билан ўйин икки жамоанинг ҳам «аралаш» таркиблари ўртасида кечди. Сарри янги жамоасидаги илк расмий ўйинда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо буни росманасига тор-мор бўлиш, деса ҳам бўлади. Гвардиола ҳали ҳеч қачон совринни бунчалик осонлик билан қўлга киритмаганди.

Янгилар
Бу мавсумнинг асосий саволларидан бири шундай: Ким еттинчи ўринни эгаллайди? Олтиликка қайси жамоалар киришига шубҳа йўқ, грандлар бошқа жамоалардан анча кучли. «Бёрнли» бу мавсумда Европа Лигаси билан банд бўлади, «Эвертон»да «қайта қуриш» жараёни давом этмоқда, «Лестер», «Саутҳемптон» ва «Ньюкасл» жамоалари ёзги трансферлар вақтида таркибни керакли даражада кучайтира олишмади.

Нима учун букмекерлар чемпионшипдан юқори лигага кўтарилиб келган «Вулверҳемптон»ни еттинчи ўрин учун асосий даъвогар сифатида кўришмоқда? Ниманинг эвазига? 

«Бўрилар» жамоаси таркибини португал тилида сўзлашувчи футболчилар билан тўлдириб олди. Мураббий ҳам португалиялик Нуку. «Вулверҳемптон» чемпионшипда чемпион бўлган, жамоа ўтган мавсумда ҳам яхшигина таркиб йиққанди - таркибдаги 6 нафар футболчи Чемпионлар лигасида ўйнаш тажрибасига эга, яна бири Европа Лигаси ярим финалида ўйнаган.

«Фулҳэм» ҳам «Вулверҳемптон»дан қолишмайди. Ўтган ўн йилликда халқаро майдонларда ўз номини танитган бу жамоа ҳам ёзги трансферлар вақтида анчагина кучайди. Масалан, «Фулҳэм» «Барселона» ҳам даъвогар бўлган Серини «Ницца»дан сотиб олди. Бундан ташқари, бу жамоага «Ньюкасл»дан Александр Митрович, «Арсенал»дан Каллум Чемберс, Дортмунднинг «Боруссия»сидан Шюррле ҳам келиб қўшилди. Жамоада британиялик ёш иқтидор Райан Сессеньон ҳам тўп суради. 

Учинчи янги жамоа эса «Кардифф Сити». «Суонси» Премьер-лигада жон сақлаб қололмади, аммо Уэльс бошқа бир жамоасини тақдим этди. Нил Уорнок саккизинчи марта чемпионшип жамоасини АПЛга олиб чиқди, аммо уэльсликлар биринчи мавсумданоқ ортга қайтиши мумкин. Бу жамоа таркиби Англия премьер-лигаси даражасида эмас. Уэльсликлар фақат чемпионшип вакиллари билан таркибни кучайтиришган. 

Аутсайдерлар
«Кардифф» лигада қолиш учун кураш олиб боради. Лигадаги энг кучсиз жамоалардан яна бири - «Ҳаддерсфилд». Дэвид Вагнер ўтган мавсумда жамоанинг бор имкониятларини ишга солиб, лигада қолди. Унинг ўзи лигада қолишни «мўъжиза» деб атаганди. Аммо «мўъжизалар оқими» бўлмайди. «Ҳаддерсфилд» эса трансферларда фаол бўлмади, жамоанинг харидлари рақибларники билан солиштирганда ўта ишончсиз. Бошқа бир томондан ҳар мавсум арафасида «Борнмут»ни ҳам қуйи лигага равона қилишади, аммо жамоа лигада қолаверади. Балки «Ҳаддерсфилд» билан ҳам шундай бўлар.

Биз бу сафар ҳам «Борнмут»ни аутсайдерлар қаторига қўшамиз. «Бёрнли»дан ҳам бу мавсумда ўтган мавсумдаги каби матонат кутиш ўринсиз, жамоа юқоридан қуйига шўнғиши тайин. Яна «Брайтон» ва «Уотфорд»га ҳам саволлар кўп. Уларнинг бири ўтган мавсумда жуда кам гол урган, иккинчисининг таркиби эскирган ва жуда кучсизланган.

Чемпионат тизими
Ўтган йили Англия футбол амалдорлари премьер-лигада ҳам қишки танаффусни жорий этиш масаласини муҳокама қилишди. Фестивал ҳафтаси ва boxing day Англия футболининг қадимий анъаналаридандир, бу инглиз футболининг қон-қонига сингиб кетган. Аммо шу тизимни ҳам ўзгартиришга тўғри келмоқда. Бугунги кунга келиб ўйинлар интенсивлиги янада юқорилашди, шу туфайли мавсум ўртасида танаффуссиз давом этиш футболчилар учун хавфли бўлиб қолди. Жорий мавсумда ҳам танаффус бўлмайди, аммо телекомпаниялар билан келишувга кўра, кейинги мавсумдан танаффус жорий этилади.

Бу мавсум эса одатдаги форматда ўтади. Чемпионлар лигаси учун 4 йўлланма, Европа Лигасида ғолиб чиқиш орқали бешинчи йўлланма қўлга киритилиши мумкин. Европа Лигасига йўлланмани Англия Кубоги ёки Англия Лигаси Кубогида ғолиб бўлиш орқали қўлга киритиш мумкин. Агар бу еврокубокда инглизларнинг топ-5ликдаги жамоаларидан бири ғолиб бўлса, унинг ЕЛдаги ўрни кейинги мавсумда олтинчи ёки еттинчи ўрин эгасига ўтади.

Ёздаги асосий трансферлар

Уэйн Руни Англия билан хайрлашди ва «Эвертон»дан Американинг «Ди Си Юнайтед» клубига йўл олди. Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»га қайтмади ва кутилган бомба трансфер амалга ошмади. Энг кўп муҳокама қилинган трансферлардан бири Маҳрезнинг ниҳоят «Лестер»ни тарк этиб, «Манчестер Сити» таркибини тўлдиргани бўлди. «Арсенал» эса жиддий кучайди, янги бош мураббий Унаи Эмеридан ташқари, Стефан Лихтштайнер, Сократис Папастатопулос ва Лукас Торрейра таркибга келиб қўшилди.

Трансферларда энг фаол жамоа «Ливерпуль» бўлди. Жамоа янги мавсумга дарвозабон Алиссон, ярим ҳимоячилар Кейта ва Фабиньо, қанот вакили Шакири билан кириб келмоқда. Бу кампания барчани, ҳатто «Манчестер Сити»ни ҳам қўрқита олади.

Прогноз

Фото: Victor Decolongon/Getty Images

Бу мавсум Жозе Моуриньо учун ҳал қилувчи мавсум бўлади. У айни вақтда қаттиқ асабийлашмоқда, кўплаб етакчилар мавсумолди йиғинида иштирок этмаганига эътироз билдирмоқда, Марсиял билан низо чиқарди, бошқа ёш футболчиларни ҳам тинимсиз танқид қилмоқда. Бу унинг «МЮ»даги учинчи йилида содир бўлмоқда, тарих гувоҳки, учинчи мавсумда Моуриньо ишни эплай олмай ташлаб кетади. Катта эҳтимол билан яна шундай бўлади: «Юнайтед» кучли тўртликка кира олмайди.

«Арсенал»нинг янгиланган таркиби жамоа фанатларига яна умид бермоқда. Кўринишидан Унаи Эмери сэр Алекс Фергюсонга «Юнайтед»да муносиб издош бўлолмаган Дэвид Мойеснинг тақдирини такрорламоқчи эмас.

«Челси»да ҳозирдан муаммолар бор. Жамоани Тибо Куртуа жанжалли тарзда тарк этди. Ой охирига қадар эса Эден Азар ҳам кетиб қолиши мумкин (бу ҳолда жамоа унинг ўрнига футболчи ололмайди), Сарри эса ишни жуда кеч бошлади, жамоа Конте билан шартномани бекор қилишда қийналди ва янги мураббийни июль ойининг иккинчи ярмига келиб тайинлади. «Челси» ҳам кучли тўртликдан ташқарида қолиши мумкин.

«Тоттенҳэм» ўзгармади, аммо «шпорлар» бир неча йилдан буён барқарор ўйин намойиш этиб келмоқда. Кўп эҳтимол билан улар «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» билан бирга олтин медаллар учун курашади.

Албатта, амалдаги чемпионларнинг имконияти каттароқ, уларнинг қоқилишини кутиш қийин. Аммо Англияда ўн йилдан буён бир жамоа қаторасига икки йил чемпион бўлган эмас. Премьер-лигада энг кучли жамоалар ҳам лигада қолиш учун курашишга мажбур бўлиши мумкин. Англия чемпионати шуниси билан мухлисларни ўзига жалб қилиб келади.

Иқтибослар

Жозе Моуриньо, «МЮ» бош мураббийи:
- Биз мавсумни жаҳон чемпионатида иштирок этган футболчиларимизсиз бошладик. Биз зарур машғулотларни ўтказа олмадик. Жуда қийин бўлади. Ростини айтсам, бироз қўрқаяпман.

Юрген Клопп, «Ливерпуль» бош мураббийи:
- Биз мавсумолди йиғинларини ёмон ўтказмадик. Бир қанча ёрқин ғалабаларга эришдик, аммо бу ҳеч нарса эмас. Премьер-лигада биз ҳар ҳафта ғалаба қозонишимиз керак. Аввал бир ўйинни, кейин иккинчисини, кейин яна. Вақтичоғлиқ қилишга вақт бўлмайди. Биз олдиндаги мавсумга катта умид билан боқмоқдамиз. Биламизки, чемпионлик учун кураш жуда қийин кечади.

Пеп Гвардиола, «Манчестер Сити» бош мураббийи:
- Совринга даъвогарлар кўп, биз улардан биримиз. «Ливерпуль» ҳамиша даъвогар бўлиб келган. Бундай жамоа ҳамиша чемпионлик учун курашади.

Мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлиш учун Ҳарри Кейн, Ромелу Лукаку, Пьер-Эмерик Обамеянг, Муҳаммад Салоҳ ва Габриел Жезус каби футболчилар рақобат қилади.

Мавсум кашфиёти бўлиши мумкин бўлган футболчилар сифатида Маттео Гандузий («Арсенал»), Каллум Ҳадсон-Одои («Челси»), Райан Сессеньон («Фулҳэм»), Фил Фоуден («Манчестер Сити») ва Рубен Невеш («Вулверҳемптон») каби номларни санаш мумкин.

Англия Премьер-лигаси
1-тур

10 август
00:00. Манчестер Юнайтед – Лестер

11 август
16:30. Ньюкасл – Тоттенҳэм
19:00. Ҳаддерсфилд – Челси
19:00. Борнмут – Кардифф
19:00. Фулҳэм – Кристал Пэлас
19:00. Уотфорд – Брайтон
21:30. Вулверҳэмптон – Эвертон

12 август
17:30. Саутгемптон – Бернли
17:30. Ливерпуль – Вест Ҳэм
20:00. Арсенал – Манчестер Сити

Ўйинлар бошланиши Тошкент вақти билан кўрсатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид