Жамият | 17:10 / 10.08.2018
31357
4 дақиқада ўқилади

Қўшработда мол бозори учун ер камми? — бозорнинг девордармиён қўшнилари арз-доди

Таҳририятимизга Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди.

«Бизнинг Намуна маҳалламиз туман марказида жойлашган. Аҳоли яшаш манзилгоҳининг ўртасида жойлашган туман мол бозори эса кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Чунончи, туманимиз ҳудудида мол бозори учун мавжуд бўш жойлар кўплигига қарамасдан, мутасадди ташкилотлар мол бозорни кўчиришни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти.

Мол бозоридан кўтарилган чанг ва тўзон туман марказига ёйилади ва ҳар хил турдаги маиший чиқинди ва юқумли касалликларга сабаб бўлувчи ифлосгарчиликлар юзага келади. Мол бозорини тўрт томондан уйлар ўраб туради. Мол бозори аҳоли яшаш манзилгоҳидан қанча масофадаги узоқликда жойлашган бўлиши керак ўзи? Сизлардан бутун маҳалламиз амалий ёрдам кутиб қолади», — деб ёзилган мурожаатномада.

Биз ушбу мурожаатни жойига бориб ўргандик.

Кичикроқ мол бозори бироз тепаликда жойлашган, ҳақиқатдан ҳам атрофида аҳолига тегишли уй жойлар жойлашган.

Бозор деворлари шу кунлари бетондан ясалган блок ғиштлари билан қайта тиклангани кўриниб турибди. Ҳудудга шағал тўшалган.

Қўшработ тумани тоғли, адирли ҳудуд. Чиндан ҳам бозорни ушбу ноқулай жойдан катта йўл ёқасига кўчириш учун барча шароитлар бор.

Биз мазкур масала юзасида тумандаги мутасаддиларнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Белгиланган меъёрларга асосан мол бозори аҳоли яшаш жойидан камида 1 километр узоқликда жойлашиши шарт, — дейди Қўшработ туман давлат сантария эпидемиология назорат маркази бош врачи Анвар Дастамов. — Шу нуқтаи назардан бу ерда мол бозори бўлиши нотўғри. Аҳолининг эътирози тўғри. Бу борада тегишли чораларни амалга оширамиз.

Ушбу масалада Қўшработ туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Салим Қўшбоқовдан ҳам изоҳ сўрадик.

«Ҳақиқатдан ҳам аҳоли хонадонлари яқинида мол бозори бўлиши мумкин эмас», — дейишдан нарига ўтмади С.Қўшбоқов. Экологик нуқтаи назардан бу борада қайси маъёрий ҳужжатларда қандай белгиланган, деган саволимизга афсуски мутахассис тайинли жавоб бера олмади. Ваҳоланки, Қўшбоқовнинг хонадони ҳам мол бозорининг ёнгинасида, баъзи қисми қўшилиб кетган экан. 

«Фуқаро сифатида бу борада эътирозим йўқ», — дейди Қўшбоқов.

Ажаб, мутасаддининг мол бозори аҳоли турар жойлари ўртасида бўлишига фуқаро сифатида эътирози бўлмаса, мутахассис сифатида бу масала ечимига масъул эмасми?

— Бозордан аҳоли хонадонларига чанг-тўзон ёпирилмаслиги учун барча чораларни кўряпмиз, — дейди «Қўшработ деҳқон бозори» МЧЖ раиси Жаҳонгир Султонов. — Албатта, аҳоли эътирози тўғри. Аммо бу ерда мол бозори ташкил этилган пайтда аҳоли хонадонлари бўлмаган, кейинчалик қурилган. Бу масала юзасидан туман ҳокимлигига таклиф билан чиқамиз ва мол бозорини кўчириш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширамиз.

— Мол бозорини аҳоли хонадонлари яқинидан кўчириш масаласини туман ҳокими ва тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари билан муҳокама қиламиз. Бошқа жойдан молбозорига ер ажратиш масаласини ҳам кўриб чиқамиз. Бу масалалар ҳал бўлгандан сўнг мол бозорини кўчирамиз, — дейди Қўшработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ибодулло Сайфиддинов.

Мутасаддиларнинг жавоблари шундай. Лекин бу сўзлар амалда ўз исботини топадими? Буни вақт кўрсатади. «KUN.UZ» бу мавзуга яна қайтади.

Шуҳрат Шокиржонов, Ғолиб Абдусаломов

KUN.UZ мухбирлари

Мавзуга оид