Ўзбекистон | 19:20 / 10.08.2018
31299
7 дақиқада ўқилади

Оилавий меҳмон уйини қандай очиш мумкин?

Фото: ЎзА

8 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бундан мақсад, туризм фаолияти субъектларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, минтақаларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини оширишдир.

Оилавий меҳмон уйи нима?
Оилавий меҳмон уйи – мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир. Бунда мазкур жой ҳар бир яшовчи шахсга 3х2 м ҳисобидан тўғри келадиган тураржой майдонига эга бўлиши лозим.
Оилавий меҳмон уйлари хизматлари оилавий меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга бўлган ва унда яшовчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади.

Оилавий меҳмон уйи қандай ташкил этилади?
Оилавий меҳмон уйини ташкил этиш учун тегишли турар жойга эга бўлган шахс Оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади.

Аризага хусусий тадбиркор ёки оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ҳамда бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади.

Қўмита ҳужжатларни олган кунидан бошлаб уларни уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда натижалар юзасидан далолатномани расмийлаштиради.

Ушбу далолатнома асосида уйлар ягона реестрга киритилади, реестрга киритилгандан сўнг тегишли хизматларни кўрсатиш мумкин бўлади.

Реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва кўчирма бериш учун тўлов ундирилмайди.

Реестр электрон шаклда юритилади ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Реестр Интернет ахборот тармоғида онлайн режимида янгилаб турилади.

Меҳмон уйлари эгалари қандай ҳуқуқларга эга?
Меҳмон уйлари эгалари тураржой биносини ўз ихтиёрига кўра Ўзбекистон Республикасининг тураржойлар тўғрисидаги қонунчилиги ва Низомда белгиланган меъёрлар доирасида тасарруф этиш;
ижарада турувчиларни (туристларни) меҳмон уйига уларни Интернет тармоғи ва ахборот-туристик марказлари орқали, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, билдириш тартибида ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга қўйиш орқали ижара шартномасини расмийлаштирмасдан жойлаштириш;
ташриф буюрувчилар (туристлар) томонидан жамоат тартиби меъёрлари бузилган ҳолларда жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро боғланиб ҳаракат қилиш; 
туризм фаолияти субъектларига берилган имтиёзлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқларига эга.

Мавсумий бўлмаган даврда меҳмон уйларининг эгалари рўйхатга олиш ва солиқ органларига меҳмон уйи фаолияти вақтинча тўхтатиш ва улар ўз фаолиятини вақтинча амалга оширмайдиган қайд этилган даврга солиқ ҳисобланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисида ариза бериш йўли билан вақтинча ўз фаолиятларини тўхтатиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Меҳмон уйлари эгаларининг мажбуриятлари
Меҳмон уйларининг эгалари фаолиятини қатъий равишда «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Низом ва туризм тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши;
санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари, шунингдек, эпидемияга қарши ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;  
Меҳмон уйлари реестрига киритилган маълумотлар ўзгарганлиги, шунингдек, ўз фаолиятини тугатганлиги тўғрисида уч иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилишлари шарт.

Оилавий меҳмон уйлари қандай шароитларга эга бўлиши шарт?
Оилавий меҳмон уйларида умумий фойдаланиш учун санитария-гигиена узели, ванна ёки душ кабинаси;
канализация (сув чиқариш) ёки (чиқинди тўкиладиган ўрани ташкиллаштириш йўли билан) маҳаллий иншоотлар;
яшаш ва жамоат жойларида табиий ва сунъий (шу жумладан фонарлар, шамлар ва бошқа ёритиш воситаларидан фойдаланиш ҳисобига) ёритиш;
сув таъминоти (шу жумладан, сувни тўплаш учун идишлар ўрнатиш йўли билан);
ўт ўчиргичлар ва тиббиёт дори қутиси;
шошилинч ёрдам хизматларини чақириш имконияти ҳамда умумий фойдаланиш учун мобил ёки стационар телефон алоқаси;
ташриф буюрувчиларни (туристларни) жойлаштириш хоналарида каравотлар ёки матраслар, каравотлар / матраслар сони бўйича чойшаб-жилдлар мажмуи бўлиши лозим.

Туташ ҳудуднинг қулай ва шинам бўлиши, оилавий меҳмон уйига бориш йўллари қаттиқ қопламага (шағалли, ёғочли) эга бўлиши керак.

Оилавий меҳмон уйининг олд томонида «Оилавий меҳмон уйи», «Семейный гостевой дом» ва «Ғаmily Guesthouse» сўзларини ўз ичига олган, оилавий меҳмон уйининг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги номи кўрсатиб ўтилган маълумотлар тахтаси (ўлчами - энг камида 60 см х 80 см) бўлиши талаб қилинади. 

Шунингдек, Оилавий меҳмон уйига киришда ўзбек, рус ва инглиз тилларида Оилавий меҳмон уйлари ягона реестридан кўчирма нусхаси, шошилинч хизматларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Саll-марказининг телефон рақамлари, кўрсатиладиган хизматлар прейскуранти, рўй бериши мумкин бўлган табиий ҳодисалар, жойлардаги хавфлар тўғрисида маълумотлар ёзилган маълумотлар тахтаси бўлиши керак.

Интернет тармоғига уланмаган ҳолатда яшовчиларни рўйхатга олиш энг яқин жойлаштириш воситалари ёки туризм- ахборот марказлари орқали тегишли ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат этган ҳолда амалга оширилади.

Имтиёзлар 
Қарорга мувофиқ, Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган тадбиркорлар буюртмаларига биноан энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиш тавсия қилинмоқда.

Мавзуга оид