Жаҳон | 21:58 / 11.08.2018
13264
2 дақиқада ўқилади

Эрон Туркияни қўллаб-қувватлашини билдирди

Фото: AFP 2018 / Atta Kenare

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф президент Дональд Трамп Туркиядан келтириладиган алюминий ва пўлатга божлар оширилишини маълум қилганидан сўнг АҚШни санкция киритиш амалиётидан воз кечишга чақирди.

"Трампнинг НАТО бўйича иттифоқчиси Туркияга нисбатан иқтисодий қийинчилик яратаётганлигини байрам қилиши шармандалик. АҚШ ўзининг санкциябозлик касаллигини даволаши зарур ёки бутун дунё уларни бунга мажбур қилиш учун сўз билан қоралашдан ташқари бирлашиши керак. Биз қўшниларимизни аввал ҳам қўллаб-қувватлаб келганмиз ва ҳозир ҳам қўллаб-қувватлаймиз", — деб ёзди вазир ўзининг Twitter-аккаунтида.

Трамп Туркиядан келтириладиган пўлат ва алюминийга нисбатан бож тўлови икки марта- 20% ва 50%га оширилишини маълум қилганидан сўнг турк лирасининг қиймати рекорд даражада пасайиб кетди.

АҚШ ва Туркия муносабатлари америкалик пастор Эндрю Брансон иши сабаб кескин тус олди. Туркия пасторни 2016 йилнинг октябридан буён ҳибсда сақламоқда. У Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган FETOга ёрдам бериш, шунингдек Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) ни қўллаб-қувватлашда айбланмоқда.  

Ўтган ҳафтада АҚШ молия вазирлиги Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга нисбатан санкция жорий этган эди.

Мавзуга оид