Ўзбекистон | 19:26 / 13.08.2018
5719
3 дақиқада ўқилади

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг буйруғи билан баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, баҳоловчиларга қуйидаги тоифалар берилади:

Сертификатланган баҳоловчи; 
иккинчи тоифали баҳоловчи; 
биринчи тоифали баҳоловчи; 
олий тоифали баҳоловчи.

Сертификатланган баҳоловчи тоифаси баҳоловчига малака сертификати берилаётган вақтда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази томонидан берилади.

Баҳоловчилар иккинчи, биринчи ва олий тоифалар олиш учун куйидаги асосий талабларга жавоб беришлари лозим:

иккинчи тоифага - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги бир йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 15 та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги;

биринчи тоифага - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги уч йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 25та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги, шу жумладан бизнес бўйича;

олий тоифа - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги беш йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 35та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги, шу жумладан бизнес бўйича.

Баҳоловчи тегишли тоифани олиш учун Марказга қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:

а) меҳнат дафтарчасидан нусха (баҳоловчи ташкилот томонидан аслига тўғрилиги тасдиқланган бўлиши лозим);
б) баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг нусхалари (баҳоловчи ташкилот томонидан аслига тўғрилиги тасдиқланган бўлиши лозим);
в) баҳоловчи малака сертификатининг нусхаси;
г) тоифа олиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Баҳоловчиларга тегишли тоифани бериш Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланадиган камида 5 нафар аъзодан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия томонидан баҳоловчига тоифа беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади: 

а) баҳоловчи тоифа учун белгиланган талабларга жавоб бермаса;
б) баҳоловчининг тоифа учун белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатларидаги маълумотлар нотўғри ёки ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланса.

Баҳоловчига нисбатан бир неча бор асосланган шикоятлар келиб тушган тақдирда, баҳоловчига тоифа берилган кундан бошлаб бир йилдан сўнг Марказ тоифани тасдиқлаш жараёнини амалга ошириши мумкин, сертификатланган баҳоловчи тоифаси бундан мустасно.

Мавзуга оид