Спорт | 19:21 / 13.08.2018
10285
4 дақиқада ўқилади

«Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар тасдиқланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи билан «Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

«Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низомга кўра, «спортчи» лавозими Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штат жадвалларида назарда тутилади.

Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида «спортчи» лавозими бўйича штат бирликлари сони спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Мусобақаларга тайёргарлик кўриш, юқори натижаларга эришиш, Ўзбекистон Республикасини халқаро миқёсда юқори ўринларга кўтариш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт мутахассислари ўртасида касбий тажриба алмашиш «спортчи» лавозимининг асосий вазифалари ҳисобланади.

«Спортчи» лавозимига қабул қилиш учун қўйидаги талаблар қўйилади:

танлаган Олимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб бориши ва спорт тадбирларида қатнашиши;
Республика олий спорт маҳорати мактаблари ёки ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг бирида шуғулланиши;
Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчи бўлиши;
танлаган Олимпия спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ёки спорт разрядларига эга бўлиши.

«Спортчи» лавозимидаги спортчининг мажбуриятлари:

спорт режимига, интизомга амал қилиш;
оммавий спорт тадбирларини ташкиллаштиришда ёрдам бериш, шунингдек қатнашиш;
спорт-соғломлаштириш машғулотларини ўтказилишига кўмаклашиш;
касбий касаллик ва спорт жароҳатининг олдини олиш мақсадида мажбурий даврий тиббий кўриклардан ўтиш;
мусобақа қоидаларига асосан тақиқланган услублардан, шунингдек сунъий стимулятор — допинг ва бошқа тақиқланган воситалардан фойдаланмаслик.

Спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидан чиқарилган тақдирда улар билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади. Бунда у фақат «спортчи» лавозимидан озод қилинади, бироқ спортчи шуғулланаётган спорт мактабида шуғулланишини давом эттириши мумкин.

«Спортчи» лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июлдаги 235-сон «Бюджет ташкилотларида ишлайдиган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларнинг касблари ва лавозимлари бўйича тариф разрядларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида ва тегишли ҳудудларда район коэффициентини қўллаган ҳолда иш ҳақи тўланади.

«Спортчи» лавозимига устамалар спорт мактаблари раҳбари томонидан Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ва бошқа спорт мусобақаларида эришган натижаларидан келиб чиқиб, спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарорига асосан уларнинг лавозим иш ҳақига нисбатан моддий рағбатлантириш жамғармаси доирасида белгиланади. 

«Спортчи» лавозимига Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) мувофиқ устамалар берилади.

Бунда, спорт мусобақаларида юқори ютуқларга эришганлик учун лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг кўпи билан 50 фоизи миқдорида шахсий устамалар берилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид