Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг жадал ривожланишига кескин импульс берадиган муҳим ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. 

Мазкур қарорнинг пировард мақсади олий таълим тизимида туб ўзгаришлар ясашга қаратилган бўлиб, унинг ижрочиси ўқитувчи шахсининг мавқеини жамият олдида тиклаш, таълимга алоқаси бўлмаган ишларга  жалб қилинишига чек қўйиш, шу билан биргаликда унинг профессионаллик даражасини ва масъулиятини ошириш, ўқитиш тизимига янги шаклларни жорий этиш ва бошқаларни назарда тутади. 

Бу қарор таълим ислоҳотлари орасидаги жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли биз мазкур қарордаги 3та муҳим ҳолатга: олий таълимда ишлайдиган профессор-ўқитувчилар, раҳбарлар ва таълим соҳаси бўйича мутасаддиларнинг диққатини тортмоқчимиз. Биринчиси, талабалар билимини баҳолашнинг шаффоф ва адолатли, дарс берган ўқитувчи иштирок этмайдиган тизимни жорий қилиш бўлса, иккинчиси, талабанинг ўзлаштириш даражаси - профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони сифатида олиниши, учинчиси эса, профессор-ўқитувчиларни ишга олишда синов дарсларини ўтказишдир. Ҳақиқатан ҳам бу уч ҳолат таълим сифати ва самарадорлигини белгиловчи асосий омиллар қаторига киради. 

«Тўрачилик»нинг даври ўтди

Тан олиш лозимки, олий таълим муассасаларидаги барча профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ҳам бу қарорнинг мазмун-моҳиятини тўлиғича тўғри талқин қилаяптилар, деб бўлмайди. Гоҳида профессор-ўқитувчилар томонидан дарсни бир ўқитувчи ўтса-ю, имтиҳонни бошқа ўқитувчи олса, ёки мустақил тест назорати ўтказилса, дарс ўтган ўқитувчининг фани тўғри ва холисона баҳоланади-ми деган ҳадик ҳам учраб туради. Талабани холисона ва шаффоф баҳолашнинг энг мақбул усулларидан бири бу фан ўқитувчиси иштирок этмаган (ёки унинг таъсири бўлмаган)тест назоратидир. Бу механизмни аксарият профессор-ўқитувчилар қўллаб-қувватлайдилар, биз бунга аминмиз. Чунки ОТМларда ишлайдиган профессор-ўқитувчиларнинг ниҳоятда кўпчилиги фидойи ва ҳалол инсонлар. Лекин шу билан бирга ўқитувчилар ичида, улар озчилик бўлсада, ҳали «тўрачилик» кайфияти билан юрганлар ҳам бор. 

Бундан ташқари, модомики, профессор-ўқитувчининг фаолияти дарс берган гуруҳдаги талабаларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси билан белгиланар экан, у ҳолда ўқитувчи ҳаттоки фанни ўзлаштира олмаган талабага ҳам ижобий баҳо қўйиб, ўзининг рейтингини кўтариши мумкин, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам талаба билимини баҳолашнинг холисона, шаффоф ва дарс берган ўқитувчидан боғлиқ бўлмаган баҳолаш тизимини яратиш зарурияти туғилмоқда. Бу икки ҳолат ўқитувчини ўз устида ишлашга олиб келиши билан биргаликда талабани ўқишга, айниқса, мустақил кўпроқ шуғулланишга ундайди.