1-ярим йилликда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 млн долларни ташкил этди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг АҚШ Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М. Линскотт раҳбарлигидаги АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Томонлар мазкур учрашувга икки томонлама муносабатларни жадаллаштириш нуқтаи назаридан қараш лозимлигини таъкидладилар. Бу эса Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга тарихий ташрифи билан бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ташриф чоғида “Ўзбекистон ва АҚШ: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган қўшма баёнот қабул қилинган эди. Ҳозирги вақтда умумий ҳажми қарийб 5 млрд долларлик келишувларни бажариш бўйича икки томонлама “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида имкон қадар қулайлик бериш тартиби амал қилмоқда. Хусусан, 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 млн долларни ташкил этди.
Томонлар АҚШнинг Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиши тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида Ўзбекистон муайян муваффақиятларга эришганини эътироф этдилар. Учрашувда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласида АҚШ мамлакатимизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани билдирилди.
Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим иштирокчи мамлакатлари анжуманини (TIFA) жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Ушбу анжуманда минтақадаги савдо-инвестиция муҳитини яхшилаш имкониятлари муҳокама этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси (АЎСП) Қўшма қўмитасининг мажлисини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу мажлис Ўзбекистоннинг АЎСП доирасидаги ҳамкорлигини инновациялар, юксалиш ва тадбиркорликни ривожлантириш руҳида мустаҳкамлашга бағишланади.
Амалий мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида икки томонлама манфаатларга оид бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024