Ўзбекистон Республикасининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, ташқи сиёсатда Марказий Осиё масалалари бўйича куратор Илҳом Неъматов «Халқ сўзи. Онлине» нашрида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш борасида кейинги икки йилда олиб борилган ишларни баён қилган.

«2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналиши сифатида Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш сифатида белгиланганди. Бу қўшни давлатлар билан давлат чегаралари бўйича музокараларни фаоллаштиришга қаратилган муҳим қадам эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш масаласи Ҳаракатлар стратегияси дастуридан ҳам ўрин олган.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош ҳисобланиб, чегараларнинг умумий узунлиги 7 минг километрдан кўпроқни ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Қозоғистон билан 2356,31 км, Қирғизистон билан – 1476,12 км, Тожикистон билан – 1296,9 км, Туркманистон билан – 1831,49 км ва Афғонистон билан – 143 км узунликдаги чегараларга эга ҳисобланади.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича муттасил тарзда музокаралар ўтказиб келмоқда. 2016 йил августидан 2018 йил августигача Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг қўшни давлатлар ҳукуматлари делегациялари билан 65 учрашуви ўтказилди. Жумладан, Қозоғистон билан 18, Қирғизистон билан 28, Тожикистон билан 9, Туркманистон билан 9 ва Афғонистон билан бир марта.

Чегаралардаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги асосий натижалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 сентябрида Қирғизистон республикасига ва 2018 йил 9 мартида Тожикистон республикасига ташрифи вақтида имзоланган келишувлар бўлди.