Жамият | 12:25 / 16.08.2018
5010
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек кинематографиясига бағишланган илк журнал нашрдан чиқди

Тошкентдаги «Premier Hall» кинотеатрида «Ўзбеккино» МА вакиллари ва бир гуруҳ санъатшунослар, журналистлар иштирокида янги журнал тақдимоти бўлиб ўтди.

«Кино санъати» дея номланувчи ушбу бадиий-публицистик, илмий-оммабоп журналда миллий ва жаҳон киноси тарихи, бугуни ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин. «Ўзбеккино» МА Бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев нашр ҳақида ўз фикрларини баён этди.

«2017 йил 29 декабрда президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувида кинематография соҳасига доир алоҳида журнал ташкил этиш вазифаси қўйилганди. Мана, вақт ўтиб шундай журнал дунё юзини кўрди. Бу ерда кинога тааллуқли барчасини топа оласиз: ўзбек ва жаҳон киноси тарихи, истиқболлари, бугунги ҳолати, кино дарғаларининг олтинга тенг фикрлари, танқидий мулоҳазалари мавжуд. Шунингдек, яратилаётган миллий мультфильм ва ҳужжатли фильмлар тўғрисида ҳамда киношуносларнинг танқидий-таҳлилий мақолаларидан бохабар бўлиш имкониятига эга бўласиз», дея унинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Журнал нафақат шу соҳа вакиллари, балки катта аудитория учун мўлжалланган бўлиб, инсонларнинг киномаданиятини оширишга хизмат қилишга қаратилган.

Мавзуга оид