Жаҳон | 21:42 / 17.08.2018
14561
7 дақиқада ўқилади

Қоғоз чайнаган ва қўл остидагиларга лақаб тўқиган: Трамп ҳақидаги китобда нималар ёзилган 

Фото: Michael Reynolds / EPA / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ ёрдамчиси ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармасининг коммуникациялар бўйича собиқ директори Омароса Маниголт Ньюман 14 август куни «Unhinged: An Insider Account of the Trump White House» («Беқарор: Трамп давридаги Оқ уй ҳақида инсайдернинг ҳикояси») номли китобини чиқарди. Китобда у Трампни ирқчилик ва аёллардан нафратланишда айблаган. Маниголт Ньюманнинг ёзишича, Трамп Инжил ўрнига ўзи ёзган китобни ушлаб қасам ичмоқчи бўлган, бир марта эса қоғоз парчасини чайнаб ютиб юборган – аммо ҳамма ҳам унинг бу сўзларига ишонмаяпти.

Маниголт Ньюман Трамп билан 2004 йилда, «Ўқувчи» («The Apprentice») реалити-шоусида иштирок этганида танишган, шоуда Трамп бошловчилик қилган. Аёлнинг қатъий феъл-атвори ўша пайтда ОАВнинг эътиборига тушганди. 2016 йилги президентлик кампаниясида у Трамп штабида афроамерикаликлар орасида ташвиқот ишлари олиб боришга масъул бўлган. 2016 йил сентябрда Frontline нашрига берган интервьюсида сайловдан сўнг «ҳар бир танқидчи, ҳар бир норози дунёда энг қудратли инсонга айланувчи президент Трамп олдида тиз чўкишини» айтганди.

Трамп сайланганидан сўнг 2017 йил январда Маниголт Ньюман унинг маъмуриятида ишлаши эълон қилинди. Аммо ўша йилнинг декабрида Ньюман Оқ уйни тарк этаётганлиги маълум бўлди. Айрим манбаларнинг сўзларига кўра, у маъмуриятнинг янги раҳбари Жон Келли билан келиша олмаган. Дональд Трамп ўз твиттерида унга миннатдорлик билдирди ва омад тилади.

Шу йилнинг февралида эса Маниголт Ньюман Трамп маъмуриятини танқид қилиб чиқди ва ҳеч қачон қайтиб унга овоз бермаслигини айтди.

ОАВда берилган китобдан парчаларда у Дональд Трампни ўта қаттиқ танқид остига олган. У Трампнинг ақлан соғломлигига шубҳа билан қарайди, уни беқарор ва ўзини бошқара олмайдиган шахс деб таърифлайди.

Маниголт Ньюманнинг таъкидлашича, Дональд Трамп қасам ичиш маросимида Инжил ўрнига ўзи ёзган «Савдолашиш санъати» китобидан фойдаланмоқчи бўлган.

«У мендан: «Омароса, «Савдолашиш санъати» билан қасам ичсам нима дейсан?» деб сўради, — деб ёзади президентнинг собиқ ёрдамчиси. — «Ундан: «Инжил ўрнигами?» деб сўрадим. — «Ҳа. Бу китоб — бестселлер! У барча замонларнинг энг яхши тадбиркорлик китоби. Бу китоб мен давлатимиз учун буюк келишувларни қандай имзолашим ҳақида. Ўйлаб кўр, нечта китоб сотишим мумкин – балки, инагурация эсдалик нусхаси ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакдир?!» 

Маниголт Ньюман уни бу фикрдан қайтарганини, Трамп эса ўзини ҳазил қилгандек тутганини таъкидлайди. 

Ньюманнинг ёзишича, 2017 йил бошида Трампнинг шахсий адвокати Майкл Коэнни Овал кабинетга бошлаб киради ва президенти бир парча қоғозни чайнаётганини кўриб қолади. 

«У қоғоз парчасини оғзига қандай солганини кўрдим, — ёзади у. —Трамп гермофоб (микроблардан қўрқадиган) бўлгани учун унинг қоғозни чайнаб, ютиб юборганидан ҳайратда қолдим. Бу жуда-жуда таъсирли нарса бўлган бўлса керак».

Маниголт Ньюман шунингдек, Трампнинг Fox News телеканали билан муносабатларини ёзар экан, унинг таъкидлашича, бу муносабатлар жуда чуқур бўлганини таъкидлайди: 2016 йилги кампания даврида штаб аъзоларининг танланган рўйхати почтасига ҳар куни Fox News продюсерларидан кун воқеалари ва саволларга қандай жавоб бериш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берилган хатлар келиб турган.
 
Бундан ташқари, Оқ уй собиқ ходимасининг таъкидлашича, Трамп атрофидагиларга лақаб ўйлаб топишни хуш кўради. Масалан, таълим вазири Бетси Девосни «Ditzy DeVos» («тентак Девос»), бош прокурор Жефф Сешнсни Бенжамин Баттон деб атаган.

Маниголт Ньюманнинг сўзларига кўра, у Оқ уйни тарк этганида президентнинг келини Лара Трамп унга Трамп, унинг оиласи ҳақида ва президентга зарар етказадиган гапларни гапириш тақиқланган шартнома асосида 2020 йилга қадар президент кампаниясида ойига 15 минг доллар маош эвазига ишлашни таклиф қилган. «Мен таклифни рад этдим. Мен Трамп олами билан буткул хайрлашдим», — деб ёзади у. Маниголт Ньюманга таклиф қилинган  шартномани ўрганган The Washington Post  газетаси Трамп танқидчи ва айбловчиларнинг оғзини ёпиш учун бундай шартномалардан фаолияти давомида кўп бор фойдаланганини қайд этади.

Америкадаги аксарият ОАВ Маниголт Ньюманнинг ёзганларига шубҳа билан қаради: у ҳақиқатан ҳам Оқ уйда бўлган кундалик учрашувларни ёзиб борган, аммо китобдаги кўп воқеалар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган. The Washington Post Трамп қоғоз чайнаганини тасдиқловчи ҳужжат йўқлигини таъкидлаган, нашрнинг Оқ уйдаги бир неча суҳбатдошлари бу воқеани эшитиб кулишган ва ёлғон дейишган.  

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Маниголт Ньюманнинг китоби «алдов ва ёлғон айбловлардан иборат» эканлигини билдирди. «Шуниси ачинарлики, Оқ уйнинг собиқ ходими бу ёлғон айбловлардан фойда олишга уринмоқда, бундан ҳам ёмони, унинг сўзларини жиддий қабул қилмаган бўлса-да, ОАВ унга жой ажратмоқда, маъмуриятда ишлаган даврида у президент ҳақида фақат ижобий сўзлар айтганди», - деди у.

Трампнинг ўзи эса Маниголт Ньюман ҳақидаги саволга жавоб бераркан, уни «ҳеч нарсага арзимайдиган» деб атаган.                                                                       

Мавзуга оид