Ўзбекистон | 20:50 / 17.08.2018
4421
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Корея Олий прокуратураси ўзаро ҳамкорлик  қилади

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўзбекистон Бош прокуратураси делегацияси Корея Республикасининг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Делегацияга Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов бошчилик қилди.

Адлия вазирлигида адлия вазири ўринбосари Ким О Су билан ўтказилган учрашувда ҳуқуқий соҳадаги келгусидаги ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Корея Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси олдига қўйилган умумий вазифаларни инобатга олган ҳолда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурати ва бунга қатъий ҳозирлик ифода этилди.

Хабарда айтилишича, ташриф давомида Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқи Комиссияси раиси, Адвокатлар ассоциацияси раиси ва Корея бош прокурори билан учрашувлар бўлиб ўтди.

“Муҳокамалар натижасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Корея Олий прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасидаги ҳамкорлик Дастури имзоланишига эришилди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбек-корейс бизнес марказида бош прокурор Отабек Муродов иштирокида потенциал инвесторлар билан брифинг ўтказилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид