Ўзбекистон | 10:00 / 17.08.2018
12275
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари тарихда биринчи марта қўшма машқлар ўтказди

Фото: ПВ ГКНБ РТ

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари Афғонистондан жиноий тузилмаларнинг кириб келишини биргаликда тўхтатиш усулларини ишлаб чиқдилар.

«Азия-Плюс» нашрининг хабар беришича, тарихда биринчи марта икки давлатнинг куч тузилмалари қўшма машқлар ўтказди, бу олдин ҳеч қачон бўлмаганди.

Уч давлат - Тожикистон, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида туташган жой - Шартуз туманида икки давлат чегарачилари биргаликда «Жайҳун-2018» ҳарбий-тактик махсус машқларини ўтказдилар.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг сўзларига кўра, машқларнинг асосий мақсади - қўшни давлатдаги оғир аҳвол туфайли Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистонга ташқи таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда чегара маҳкамалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишдан иборат.

«Жайҳун-2018» машқларида чегара бўлинмаларининг давлат чегарасидаги хавфсизликка таҳдидлар, катта миқдорда гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб ўтиш, қўшни ҳудуддан реал шароитларда жиноий тузилмаларнинг бостириб кириши бўйича таҳдидларни бартараф этишга оид ҳамкорлик ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилди.

Машғулотга Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмалари ҳамда захиралари, бир нечта автомобиль ва зирҳли транспорт воситалари, ҳарбий-транспорт авиацияси, чегара патруль катерлари жалб этилди.

Шу билан бирга, Душанбе шаҳридаги Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмоналининг ўзбекистонлик ҳамкасби Руслан Мирзаев билан учрашувида назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, хизмат олиб бориш, давлат чегараларини қўриқлаш, ахборот алмашиш, замонавий таҳдидларга қарши курашни кучайтириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида икки чегара маҳкамалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Мавзуга оид