Тарихда “Қуббатул илм вал адаб” номи билан машҳур, не-не уламолар, фозиллар, шоиру санъаткорлар бешигини тебратган, Амир Темурдек соҳибқирон камол топган қадим Шаҳрисабз яна бир улкан воқеанинг гувоҳига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгилаб қўйилди. Илк халқаро анжуман шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда  етмишга яқин мамлакатдан санъат намояндалари қатнашиши кутилмоқда.

Халқаро анжуманнинг айнан Шаҳрисабзда ўтказилиши бежиз эмас. 2700 йилдан зиёд тарихга эга бу юрт қадим санъати ва маданияти билан ҳам бетакрордир. Айниқса, Амир Темур даврида мусиқа санъати жадал ривожланиб, чинакам уйғониш даврини бошдан кечирган, созандалик ва хонандалик, мусиқа илми ва бастакорлик камол топган. Асрлар давомида шаклланган устоз-шогирд анъаналари давом этган. Бундай уйғониш нафақат пойтахт ­Самарқандда, балки бошқа кўплаб шаҳарлар қатори Кешда ҳам рўй берган. Оқсаройда ўтган шоиру уламолар, фозилу ҳофизлар иштирокидаги йиғинларда мақом қўшиқлари авж пардаларда куйланган. Маълумотларга кўра, ХVII-ХVIII асрларга ­келиб Шаҳрисабзда бухоролик ва самарқандлик санъаткорлар билан ҳамкорликда “Шашмақом” тароналарига рақсга тушадиган раққослар ва созандалар ­гуруҳлари тузилган. ХIХ асрда яшаб ўтган ­моҳир ижрочи ва созанда, шаҳрисабзлик Абдураҳмонбегининг довруғи кенг ёйилган, у ўзбек миллий ­мусиқаси ва мақом санъати ривожига катта
ҳисса қўшган.

Айтиш мумкинки, 1972 йилга келиб Шаҳрисабзда мақом санъати яна бир юксалиш даврига қадам қўйди. Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Элмурод Боймуродовнинг саъй-ҳаракати билан мақом ансамбли ташкил топди. Президентимиз шу йил май ойида АҚШга борганларида “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонини топширган асли шаҳрисабзлик Изро Малаков ҳам Элмурод ака билан ансамбль ташкилотчиларидан бири эди. Асли касби шифокор бўлган бу инсоннинг беназир овози Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этиш учун ёрдамга келган Ориф Алимахсумов, Салоҳиддин Тўхтасинов, Сирож Аминовдай устоз санъаткорларнинг назарига тушган. Шундан сўнг Изро Малаков кўп йиллар Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамблида фаолият кўрсатган. Йигирмадан ортиқ мақом ижролари унинг овозида ёзиб олинган ва ке­йинчалик “Гул фасли” номи билан муаллифлик қўшиқлари ёзилган ўн иккита грампластинка чиқарилган.

Ансамбль ижрочиларидан яна бири Рушел Рубиновнинг овози ҳам кўпчиликни сеҳрлаган. У Хоразм мақом ушшоғи, Бухоро мақом ушшоғи, Тошкент-Фарғона мақом ушшоғидаги намудлар ва супоришларни бирлаштириб, уларнинг ҳеч бирига ўхшамаган “Ушшоғи Шаҳрисабз”ни яратган. Шунингдек, ансамбль аъзоларидан Саиджон Нурбобоев, Ампул Давидов, Қурбон Тошев, Азамат Ҳақбердиев, Нафтали Юсупов, Тамара Хаимова, Азамат Номозов, Даниэл Хаимов, Бурхон Хуррамов, Ҳомид Қобилов сингари санъаткорларнинг ҳар бири ўзига хос ширали овоз ва соз соҳиби бўлишган.