Тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши кутиляпти
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг “Плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, кесиш учун майдон ажратиш плантацияларда ҳамда давлат ўрмон фонди участкаларида мақсадли фойдаланиш, саноат ва аҳолининг ёғочга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун етиштирилаётган тез ўсувчи дарахт ва буталарни етилиш ёши, унинг талаб даражасидаги сифат кўрсаткичи ҳамда миқдор кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Кесиш учун майдон ажратиш давлат ўрмон хўжаликларининг бош ўрмончиси, ўрмон беги, ўрмончиси ёки бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларнинг масъул шахслари томонидан кесиш режасига асосан амалга оширилади.
Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталар белгиланган кўрсаткичлар асосида танланади ва ушбу майдондаги дарахт ва буталарни кесиш учун ажратилган майдон сифатида қабул қилиниб, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.
Далолатномада кесиш учун ажратилган майдон ўлчами, плантациянинг барпо этилган йили, дарахт ва буталарнинг ёши ҳамда уларнинг тур таркиби кўрсатилади.
Кесиш учун ажратиладиган ер майдони чегараланади ва кесиш учун мўлжалланган дарахт ва буталар белгиланади.
Кесиш учун ажратилган ер майдонини аниқлаш ва уни белгилашда қуйидагиларга аҳамият берилади:
дарахтларни кесмасдан чегараларни аниқлаш;
ажратиладиган майдонларни белгиловчи устунларни жойлашган ўрни;
кесишга мўлжалланмаган ер майдонларини ажратилган майдонлардан белгилар ёрдамида ажратиш;
чизиқларни ўлчаш, улар орасидаги бурчакни, қиялигини аниқлаш ҳамда доимий белги сифатида ажратилган ер майдонларига ва уларнинг таксацион маълумотли жойларга белгилар қўйиш.
Кесиш учун ажратилган ер майдони чегарасидаги кесишга мўлжалланмаган дарахтларга белгилар қўйилади (тўқ мато, лента, краска ёки скотч). Кесиш учун ажратилган майдонда кесишга ажратилган дарахтлар шохлари кесилган ҳамда атрофи буталардан тозаланган бўлиши керак.
Кесишга ажратилган ер майдонида ноаниқлик 3 фоиздан ошмаслиги керак.
Кесишга ажратилган ер майдонларини аниқлашда, уларнинг чегараларини белгилашда навигация асбобларидан фойдаланишга рухсат берилади.
Кесиш учун ажратилган майдонлар чегара бурчакларига диаметри 18-20 смдан кам бўлмаган, баландлиги 1.8-2.3 см, ер устки қисми 1.3 м ни ташкил этадиган устунлар ўрнатилади. Ушбу устунларда қора краска билан қайси ўрмон бўлими (айланмаси) ёки ер контурига қарашлилиги ер майдони, гектари, кесиладиган йил, кесиладиган дарахт ва буталар ҳажми ҳамда кесиш тури кўрсатилган маълумотлар ёзиб қўйилади.
Кесиш учун ажратилган майдондаги дарахт ва буталарни кесиш танланган ҳолда ёки ажратилган майдондаги дарахт ва буталарни ёппасига кесиш орқали олиб борилиши мумкин.
Кесиш учун ажратилган ер майдонига қуйидагилар киритилмайди:
уруғлик ёки экишга қаламчалар олиш учун ажратилган ер майдони ва полосалар;
етилган дарахтлар орасидаги саноат талаби учун аҳамиятга эга бўлмаган ёш ва етилмаган дарахтлар.
Кесиш учун майдон ажратилаётганда юқоридаги критериялар кўрсатилмаган тақдирда, кесиш участкаларини ажратишда ушбу кўрсатгичларни инобатга олиб ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади.
Тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш қуйидаги турларга бўлинади:
сийраклаштириш;
ўтиш жойлари очиш;
санитар кесиш;
танлаб кесиш;
ёппасига кесиш.
Тез ўсувчи дарахт ва буталарни кесиш ишлари олиб борилган майдонлардаги кесилган ёғоч маҳсулотларини йўл ёқасига олиб чиқиш, қисман уни қайта ишлаш, сақлаш ва уларни жўнатиш ишлари белгиланган режа асосида давлат ўрмон хўжаликлари томонидан, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонларда эса – уларнинг масъул шахслари томонидан амалга оширилади.
Дарахт кесиш ва ёғоч тайёрлашда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
ўрмон кўчатларига, ўсимлик ва тупроқ қатламига зарар етказиш;
кесиш мобайнида йўлларнинг, кўприкларнинг, йўл, сув ва бошқа иншоотларнинг ҳолатларига зарар етказиш;
кесилган ёғоч маҳсулотларини қолдириш ва сақлаш учун мўлжалланган ҳудудлардаги ўрмон кўчатларига зарар етказадиган, кесилган ёки синган ҳолатларда дарахт ва буталарни қолдириш;
чегара, айланма ва бошқа ҳудуд белгиларини, дарахт, бута ва уларнинг тўнкаларига қўйилган белгиларни йўқ қилиш;
ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида кўрсатилган муҳофаза қилинадиган ўрмон кўчатларини ҳамда уруғлик ёки экиш қаламчалари олиш учун ажратилган дарахт ва буталарни кесиш ва уларга зарар етказиш;
кесиш учун белгиланган муддат тугаганда (маълум вақтгача тўхтатилган тақдирда ҳам) ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи берилган шартнома муддати тугагандан кейин кесиш;
белгиланган муддатда ёғочларни олиб чиқиб кетмаслик;
технологик харита кўрсатилмаган жойга кесилган ёғочларни олиб кетиш, кесилган ёғоч маҳсулотларини йўл ёқасига олиб чиқиш;
кесиш ишлари олиб борилган ер майдонини тозаламаслик ёки ўз вақтида тозалашга улгурмаслик;
юк ортиш ва уни олиб чиқиш майдонларидаги унумли ер устки қисмини йўқ қилиш.
Мавзуга оид
08:44 / 06.06.2022
Паррандачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ўзгаради
09:01 / 08.04.2022
«Олима аёллар жамияти» нималар билан шуғулланиши маълум бўлди
21:03 / 01.04.2022
Zamin фонди акцияси доирасида Тошкентнинг 13 гектардан ошиқ майдонига дарахт экилди
07:51 / 26.03.2022