Жаҳон | 21:58 / 19.08.2018
9209
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон ҳукумати толиблар билан 3 ойга ўт очиш тўхтатилишини эълон қилди 

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мусулмонлар учун муқаддас бўлган Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайит байрами кириб келиши муносабати билан “Толибон” ҳаракати билан 3 ойлик ўт очишни тўхтатишни эълон қилди. Бу ҳақда 1TV телеканали маълум қилди

“Биз Ийд ал-Адҳа байрамига яқинлашаётганимиз сабабли ўт очиш тўхтатилишини эълон қиламиз. У эртага, 20 августдан кучга киради ва “Толибон” ҳам шундай жавоб бериши шароитида Муҳаммад пайғамбаримиз таваллуд кунларигача (20 ноябрь) давом этади”, деб ёзган Ғани твиттерда.

“Биз “Толибон” раҳбариятини афғонларнинг узоқ муддатли ва чинакам тинчлик ўрнатилиши истагини қаршилашга чорлаймиз ва уларни ислом қадриятлари ҳамда тамойилларига асосланган тинчлик музокараларига тайёргарлик кўришга қатъиян чақирамиз”, деб айтилган президент хабарида.

Аввалроқ ҳам Ғани Рамазон ойи тугаши ва Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан 11-19 июнь кунлари толиблар билан бир томонлама ярашув эълон қилганди. “Толибон” бунга жавобан 3 кунга ўт очишни тўхтатишини эълон қилган. Ярашув якунлангандан кейин афғон қуролли кучлари толибларга қарши операцияларни давом эттирган.

Мавзуга оид