Ўзбекистон | 21:40 / 20.08.2018
52409
2 дақиқада ўқилади

Бекободдаги ЙТҲ бўйича расмий маълумот берилди, «Дамас» ҳайдовчиси ва йўловчиси шифохонада

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сайтида Бекободда Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича расмий маълумот берилди.

«2018 йил 20 август куни соат 09:30ларда ҳайдовчи 1987 й.т. Б.Саидов бошқарувида бўлган «DAMAS» русумли автомашинасида Тошкент вилояти Бекобод тумани Зафар қўрғони томонидан Бекобод шаҳар томонига ҳаракатланиб кетаётиб, Қорасу-Бўка-Бекобод автомобил йўлининг 92 километрида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида, Бекобод шаҳридан Бекобод тумани Зафар қўрғони томон ҳаракатланиб келаётган, ҳайдовчи 1952 й.т. Р.Толипов бошқарувидаги «Мercedes-Вenz» русумли автомашинанинг чап ён томонига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган», дейилади хабарда.

Маълумотномада келтирилишича, тўқнашув оқибатида «Мercedes-Вenz» ҳайдовчиси ва йўловчилар - Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султонов ҳамда У.Қурбонов, шунингдек, «Дамас» автомашинаси ҳайдовчиси Б.Саидов ва йўловчиси А.Мелибоев жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, «Мercedes-Вenz»да бўлган яна бир йўловчи, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати олган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳат олганларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг соғлиғи қониқарли ҳолатда бўлиб, ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи жароҳатлар аниқланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид