Спорт | 22:20 / 20.08.2018
17466
4 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида иккинчи кун якунлари. Ўзбекистонда жами 7та медал

Бугун, 20 август куни Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом эттирилди.

Асосий баҳсларнинг иккинчи кунида Ўзбекистон номидан 7 спорт тури бўйича атлетлар мусобақаларда қатнашишди.

Таэквондо WTF

Бугун таэквондочилар иккита, эркин кураш жамоаси битта ва ушу жамоаси битта медал олиб берди.

Ўзбекистон таэквондо жамоасининг -58 кг вазн тоифаси вакили Ниёз Пўлатов Осиё ўйинлари финалида мағлуб бўлди ва кумуш медал билан кифояланди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

-67 кг вазн тоифасида иштирок этган Нигора Турсунқулова эса ярим финалда ютқазгач, бронза медал билан тақдирланди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Эркин кураш

Ўзбекистон эркин кураш терма жамоасининг 125 кг вазн тоифасидаги вакили Давит Модзманашвили Осиё ўйинларининг бронза медали совриндорига айланди. Мусобақа давомида Индонезия, Мўғулистон вакилларини мағлубиятга учратиб, финал остонасида мағлуб бўлган Давит Модзманашвили бронза учун ҳиндистонлик Сумит Сумитга қарши гиламга чиқди ва 2:0 ҳисобида (1:0, 1:0) ғалаба қозонди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Аёллар курашида 50 кг вазн тоифасида иштирок этган Даулетбике Яхшимуратова ҳам бронза учун курашди. Аммо у медал учун баҳсда жанубий кореялик Ким Ҳюнгжуга ютқазди - 0:6.

53 кг вазн тоифасидаги Севара Ешмуратова нимчорак финалда япониялик Окуна Харунага 0:10 ҳисобида (0:8, 0:2) мағлуб бўлиб, биринчи босқичдаёқ иштирокини тўхтатди. 

57 кг вазн тоифасидаги Набира Есенбаева илк жангида индонезиялик Аюнингтиас Мутиарани муддатидан олдин 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратди, лекин чорак финалда ҳиндистонлик Данда Пужага ютқазиб қўйди - 1:12.

Ўқ отиш

10 метрга ўқ отишда Вадим Скороваров саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этди ва финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо у финалда охирги ўринни эгаллади.

Саралашда Сакина Мамедова 17, Зайнаб Пардабоева 32-ўринни эгаллади.

Ушу

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Ушу спорт турининг Таулу йўналишида иштирок этаётган Дарья Латишева 19 август куни саралаш баҳсларида учинчи натижани қайд этиб, финалга чиққанди. У бугун 12 нафар спортчи ичида иккинчи натижани қайд этди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Акмал Раҳимов саралашда қирғизистонлик Канатбек Абдуғаниевни мағлуб этиб кейинги босқичга ўтди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Исломбек Ҳайдаров эса вьетнамлик Нгием ван Йига мағлуб бўлди.

Спорт гимнастикаси

Ўзбекистон йигитлар жамоаси жамоавий баҳсларда еттинчи натижани қайд этган ҳолда финалга йўл олди.

Академик эшкак эшиш

Шаҳбоз Холмурзаев ўз чиқишида учинчи кўрсаткични қайд этди ва кейинги босқичга йўл олди.

Саккизталик баҳсларда стартга чиққан ўзбекистонлик спортчилар финишга биринчи бўлиб етиб боришди ва тўғридан-тўғри финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Тўртталик баҳсларида иштирок этган ҳамюртларимиз маррага учинчи бўлиб етиб боришди ва кейинги босқичга йўл олишди.

Теннис

Денис Истомин
Фото: Абдулло Файзуллаев

Яккалик баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик теннисчиларнинг барчаси - Денис Истомин, Санжар Файзиев, Сабина Шарипова ва Нигина Абдураимова кейинги босқичга ўтди.

Жуфтликда эса Х.Султанов/Ф.Дўстов, С.Файзиев/Ж.Каримов ҳамда Ирода Тўлаганова/Оқгул Омонмуродова жуфтлиги кейинги босқичда, Сабина Шарипова/Нигина Абдураимова жуфтлиги жанубий кореяликлардан мағлуб бўлди.

Иккинчи кун мусобақларидан кейин Ўзбекистон делегацияси жами 7 медал (1-2-4) жамғарган ҳолда умумий рейтингда кучли ўнликни якунлаб турибди.

Мавзуга оид