2026 йилнинг 12–17 апрел кунлари Тошкент илк бор таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги 15-жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Дунё биринчилигида 115 та мамлакатдан 1500 нафардан зиёд спортчи ва мураббий иштирок этиши кутилмоқда. Таэквондо усталари 20 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Тошкентда илк бор таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги 15-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақа олдидан 10 апрел куни катта матбуот анжумани ўтказилди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбири Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Шерзод Тошматовдан мусобақанинг аҳамияти ва унга кўрилган тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўради.

— Шерзод ака, мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Бу мусобақа бизда илк маротаба ўтказиляпти. Хабарингиз бор, кўплаб жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтади, лекин 115 та давлат қатнашаётган бундай йирик турнир айнан таэквондо бўйича биринчи марта ўтказилмоқда. Биз иштирокчиларни илк бор Олимпия шаҳарчасида қабул қиламиз. Барча тайёргарликни кўрганмиз ва бу борада Халқаро федерацияни ишонтирганмиз. Янги Ўзбекистонда бир нечта йирик чемпионатларни ўтказганимиздан сўнг, таэквондо мусобақаси ҳам ўз нуфузига эга бўлади.

— 986 нафар спортчи бу жуда катта кўрсаткич, шундайми?

— Ҳа, бу жуда катта рақобат. Охирги марта Жанубий Кореяда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 570 нафар спортчи иштирок этган эди. Ҳозир эса 986 та. Бу шу спорт тури дунёда ривожланиб келаётганини англатади. Ўзбекистондаги чемпионат жуда рақобатли бўлади. Ўйлайманки, бизнинг спортчиларимиз бунга тайёр. Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси томонидан ҳамма шароитлар яратилди. Барча халқаро ва маҳаллий ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Ли Константин бошчилигида асосий терма жамоа саралаб олинди ва уларга шахсий мураббийлар ҳам бириктирилди. Бу пухта тайёргарликка катта пойдевор бўлади.

— Мусобақа жараёнида янги технологиялар, масалан, VAR ёки электрон тизимлар қўлланадими?

— Албатта. Халқаро таэквондо WT федерацияси томонидан доимий ўзгаришлар киритилмоқда. Бу янгиликлар ҳакамлар хатосини камайтириш ва спорт турини мукаммаллаштиришга хизмат қилади. Бош қисмига бериладиган зарбалар ва VAR тизими бўйича мукаммалроқ тизим яратиляпти. Бу жаҳон чемпионатидаги ўзгаришлар Лос-Анжелес олимпиадасига ҳам тайёргарлик вазифасини ўтайди.

— Трансляция ва мухлисларнинг кириши масаласи қандай бўлади?