Ўзбекистон | 10:45 / 20.08.2018
4621
3 дақиқада ўқилади

Скриншот ҳужжат сифатида: рақамли товарлар билан битимларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда рақамли товарлар билан битимларни рўйхатга олиш тартиби тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, рақамли маҳсулотлар — интеллектуал мулк объектларининг электрон нусхалари (рақамли товарлар), шунингдек, электрон ахборот муҳитида моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатлар ёки муайян фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан “булутли технологиялар” хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлиш хизматлари (рақамли хизматлар)дир.

Рақамли маҳсулотлар импорти - хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан рақамли маҳсулотлар учун мутлақ ҳуқуқлар ёки рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсига бериш ёхуд юридик ёки жисмоний шахснинг электрон ахборот муҳитида амалга ошириш жойидан қатъи назар, муайян ҳаракатларни ёки моддий натижага эга бўлмаган муайян фаолиятни амалга ошириши.

Рақамли дистрибуция — рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобил қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар.

Моддий ташувчи - рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқа тарзда ишлатиш учун қўлланиладиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси, скриншот — шахсий компьютер ёки мобил қурилма экранининг, шу жумладан интернет саҳифасининг тасвирланган ўзгармаган график кўриниши.

Рақамли маҳсулотлар бўйича битимлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, шу жумладан электрон тижоратда шартномалар тузиш йўли орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган ва маълумотларни қайта ишлаш ускуналари учун рақамли маҳсулотларни ўз ичига олган моддий ташувчининг божхона қийматини аниқлашда, баҳоланаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан дастурий таъминотнинг қиймати ва (ёки) ахборот моддий ташувчининг қийматини ажратиш шарти билан фақат ахборот ташувчининг қиймати ҳисобга олинади.

Мавзуга оид