Жамият | 20:00 / 23.08.2018
85307
4 дақиқада ўқилади

230 минг доллар эвазига «ёғли» лавозим: Самарқандда жиноий гуруҳ аъзолари ушланди

2018 йилнинг 17 май куни Самарқанд шаҳар ИИБ 3-бўлинмасига шаҳарнинг Беруний кўчасида истиқомат қилувчи Б.А.дан Орзу Маҳмудов кўчасида истиқомат қилувчи Г.З. томонидан унга нисбатан фирибгарлик жинояти амалга оширилгани факти ҳақидаги хабар келиб тушади, дейилади «Самаркандский вестник» газетасида ёритилган, вилоят ИИБ матбуот котиби Ширин Норматованинг мақоласида.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, бир йил муқаддам Г.З. «Пахтасаноат» АЖнинг вилоят бўлимида юқори лавозимни эгаллашида ёрдам қилиш мақсадида ундан 230 минг АҚШ доллари олган. Бироқ Б.А. ўзининг «ёғли» курсисига эриша олмаган, боз устига, Г.З. ҳам пулларни қайтармаган. Бир неча ойлар мобайнида Г.З. «йўқотилган» пуллар эвазига ўзининг уйини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, алдаб юрган. Ниҳоят, Б.А. ваъдаларга ишонмай қўйиб, тегишли органларга мурожаат қилишини айтганида, аёл унинг ҳузурига уч номаълум шахс — Робик, Жорик ва Шахани олиб келади ва улар яна Г.З. дан қарзни қистаса, уни ўлдиришларини очиқчасига айтишади.

Кейинчалик аниқланишича, Робик — бу Самарқанд шаҳрининг Нодирабегим кўчасида истиқомат қилувчи, 1977 йилда туғилган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича муқаддам судланган, ишсиз Р.Ҳ, Жорик — Тошкент кўчасида истиқомат қилувчи, 1967 йилда туғилган, у ҳам муқаддам судланган З.А, Шаха эса — 1985 йилда туғилган, шаҳарнинг Абу Бакр Розий кўчасида рўйхатда турувчи, айни пайтда Туркияда истиқомат қилаётган Ш.И. бўлиб чиқди.

Мазкур факт бўйича бўлинма капитани Азиз Сувонов бошчилигидаги тезкор ходимларидан иборат гуруҳ ҳаракатларни бошлаб юборган.

Тафсилотларни ўрганиш учун аёл ички ишлар бўлимига — тезкор вакил, майор Умид Турсуновнинг кабинетига келтирилган. Сўроқ чоғида Г.З. ҳожатга чиқишни сўраган ва у ерда ўз жонига қасд қилишга уринган. Ўз вақтида етиб келган Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг вилоят филиалининг тиббий тез ёрдам бригадаси уни жонлантириш бўлимига олиб боришган.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, Г.З. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган ва Б.А.дан олинган пулларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Тошкент шаҳар бўлимида ишловчи, Б.А.ни юқори лавозимга жойлаштиришни ваъда қилган У. исмли танишига олиб бориб берганини айтиб берди.

Аёлнинг сўзларига кўра, Тошкентдан Самарқандга қайтаётиб, у таксида Рашид исмли шахс билан танишиб қолади ва унга ўз муаммосини сўзлаб беради. Рашид маълум бир маблағ эвазига аёлга ёрдам беришга кўнади. Самарқандда Г.З.га Рашиднинг номидан бир киши келиб учрашади ва ўзини Робик деб таништиради. Робик муаммони ҳал қилиш учун 3200 АҚШ доллари сўрайди.

Ички ишлар бўлинмаси ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида жиноий тил бириктирган гуруҳнинг барча аъзолари ушланиб, ҳибсга олинган. Айни пайтда уюшган жиноий гуруҳга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси, 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид