Жамият | 20:30 / 23.08.2018
6965
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар Қурбон ҳайити муносабати билан қариялар ва Меҳрибонлик уйларидаги болаларни зиёрат қилишди

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Қурбон ҳайити муносабати билан Қариялар уйларида яшаётган нуронийлар ҳамда Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болажонлар ҳолидан хабар олди.

Хусусан, Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбий хизматчилар шаҳардаги 29-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, бу ерда тарбияланаётган болажонлар учун ҳақиқий байрам уюштириб берди.

«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда Марказий ҳарбий округи, Жиззах ҳарбий прокуратураси вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларда ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида маърузалар ўқилди, ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги санъати намуналаридан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Болажонлар ҳам шеър айтиш, рақсга тушиш каби маҳоратларини намойиш этиб, меҳмонлар олқишига сазовор бўлди. Тадбир якунида уюштирилган концерт дастури эса барчага бирдек хуш кайфият улашди.

Шунингдек, болажонларга 160дан ортиқ бадиий ва эртак китоблар, мактаб ўқув қуроллари топширилган, уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишилган.

«Қариялар уйида яшаётган нуронийлар билан дилдан суҳбатлар уюштирилди. Ҳарбийлар байрам муносабати билан уларга қимматбаҳо совғалар улашди», дейилган Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид