Жаҳон | 22:00 / 23.08.2018
8984
2 дақиқада ўқилади

Болтон Россияни 2018 йилги сайловларга аралашишдан эҳтиёт бўлишга чақирди

Фото: REUTERS / Denis Balibouse

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон РФ Хавфсизлик кенгаши котиби билан музокаралар чоғида Москвани шу йилнинг ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга аралашувдан хазир бўлишга чақирганини айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.

«Мен 2018 йилги сайловларга аралашишларига тоқат қилолмаслигимиз ва бунинг олдини олиш учун тегишли қадамларни ташлашга тайёрлигимизни аниқ-тиниқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қилдим», — деган Жон Болтон Женевада Николай Патрушев билан бўлиб ўтган беш соатлик музокаралар якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

АҚШ аллақачон Россияга қарши уларнинг 2016 йилдаги сайловларга эҳтимолли аралашуви учун санкциялар жорий қилиб бўлган. Москва барча айбловларни рад этиб келади.

Болтон, шунингдек, Эронга қарши иқтисодий санкциялар масаласини ҳам кўтарган, улар россиялик ҳамкасби билан Сурия ҳудудидан Эрон қўшинларининг босқичма-босқич олиб чиқиб кетилиши масаласини муҳокама қилишган.

Эрон масаласи бўйича Болтон АҚШ Теҳрон билан ядро келишувидан чиққач, Трамп маъмурияти янада қатъий ва самарали таъсир ўтказувчи санкцияларни жорий этиб, «режимга максимал даражада босим ўтказиш» мақсадини кўзламоқда.

Эроннинг Суриядаги можароларда тутган ўрни ҳақида гапира туриб, Болтон шундай деган: «Мақсадимиз — Эрон қўшинларини Эронга қайтариш… Биз бир неча вариантларни муҳокама этдик, уларга кўра буни бир неча босқичда амалга ошириш мумкин».

Мавзуга оид