Жаҳон | 16:29 / 26.08.2018
8993
3 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги Сурияда кимёвий қурол билан боғлиқ фитна ҳақида огоҳлантирди

Фото: РИА "Новости"

Сурия ҳудудида кимёвий қуролдан фойдаланиб йирик фитналар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги маълумот Идлиб вилоятида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан келиб тушган.

“Можароларни ҳал қилишнинг Идлиб зонаси жанубида жойлашган Ҳабит аҳоли пунктига хлор билан тўлғизилган реактив снар​ядлар ёрдамида “кимёвий ҳужум”ни саҳналаштириш учун хорижий мутахассислар етиб келишган”, — деган у. Конашенковнинг қўшимча қилишича, фитна минтақада вазиятни издан чиқариш ва “бораётган тинчлик жараёнининг барқарор динамикасини барбод қилиш” мақсадида тайёрланмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг аниқлаштиришича, Сурияга ҳужумни саҳналаштириш учун мутахассислар аллақачон етиб келишган, деб ёзмоқда РБК. “Заҳарловчи моддалар билан тўйинтирилган қурол-яроғ билан зарба бериш кейинги икки кун ичида Ҳабитдан олти километр жануброқда жойлашган Кафир-Зайта аҳоли пунктига қарата реактив қурилмалардан амалга оширилади”, — дейишмоқда вазирликдагилар.

25 август, шанба куни Сурия Араб Республикасидаги россияликларнинг зиддиятлашувчи томонларни яраштириш бўйича маркази раҳбари Алексей Циганков Ғарб давлатлари Идлибда тайёрланаётган ва “Оқ каскалар” иштирокидаги провокациядан фойдаланишни мақсад қилиб турибди. “Британия махсус хизматларининг фаол иштироки билан режалаштирилаётган провокация АҚШ, Буюк Британия ва Франция томонидан Суриянинг давлат саноат ва иқтисодий инфраструктуралари объектларига навбатдаги ракета-авиация зарбалари бериш учун баҳона бўлиб хизмат қилиб, жангариларнинг Ҳама ва Ҳалабга тайёрланаётган босқинини таъминлайди”, — дея унинг сўзларини келтирмоқда “Интерфакс”.

Сурияда фуқаролар уруши 2011 йилнинг баҳорида бошланган эди. Можаронинг асосий иштирокчилари — амалдаги президент Башар Асадни ёқлаб урушаётган ҳукумат қўшинлари, шунингдек, мамлакатнинг бир қисмини назорат қилиб турган мўътадил мухолифат ҳамда исломий гуруҳлардир.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид