Ўзбекистон | 10:18 / 28.08.2018
3879
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 август куни навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар томонидан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилинди. 

Депутатлар таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, ташқи сиёсат борасида ривожланган давлатлар ва энг аввало, қўшни мамлакатлар, қолаверса, халқаро ташкилотлар билан дўстона, ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, охирги бир ярим йил ичида ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, шартномалар имзоланди.

Айни пайтда иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва маданий-гуманитар жабҳаларда Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтиришга хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар катта қизиқиш билдирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги шиддаткор замон талабларига мослаштириш, юртимизнинг ҳозирги ривожланиш стратегиясига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишини ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий воситаларидан бири бўлган халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. 

Бу мамлакат учун истиқболли, амалий аҳамият касб этадиган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузишга, пировардида Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатидаги нуфузини янада оширишга ёрдам беради.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид