Ўзбекистон | 10:21 / 28.08.2018
4861
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси жабрланувчилар ва гувоҳларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 август куни навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилган «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси жиноят процесси иштирокчилари бўлмиш жабрланувчилар, гувоҳлар ҳамда бошқа иштирокчиларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни кўзда тутади.

Қонун лойиҳасида жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш принциплари белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган шахслар ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларини ҳимоясини таъминловчи давлат органларининг рўйхати, хавфсизлик чораларининг турлари ҳамда уларни қўллашнинг асослари, хавфсизлик чораларини бекор қилиш тартиби, ҳимоя қилинувчи шахслар ва давлат томонидан муҳофаза қилишни таъминловчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноят процесси иштирокчиларининг қонунчиликка ишончини янада ошириб, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш, одил судловга эришиш ҳамда жамиятда жиноятга жазо муқаррарлиги принципининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид