Осиё ўйинларида совриндор бўлган Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари тантанали кутиб олинди
28 август куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Индонезияда бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги спорт клуби таэквондочилари тантана билан кутиб олинди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинларида таэквондо спорт тури бўйича Мудофаа вазирлиги Спорт клуби аъзоси Никита Рафалович (-80 кг вазн тоифасида) олтин медални қўлга киритди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Дмитрий Шокин (+80 кг) ва Ниёз Пўлатов (-58 кг вазн тоифасида) эса бу сафар кумуш медалга лойиқ топилди.
Шунингдек, -67 кг вазн тоифасида яна бир армия спортчиси Нигора Турсунқулова ярим финалга қадар етиб бориб, финал йўлланмаси учун Жанубий кореялик Ким Жандига қарши жанг олиб борди ва мағлубиятга учраб, бронза медалига эгалик қилди.
Тантанали кутиб олиш маросимида Мудофаа вазирлиги cпорт клуби масъул офицерлари, спорт федерациялари вакиллари, спортчи ёшлар ҳамда ғолиб ва совриндорларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри жамоаси ўз куй-қўшиқлари билан тантанага байрамона тус бағишлади.
Таъкидлаш жоизки, XVIII ёзги Осиё ўйинларида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг 50 нафар спортчиси спортнинг 11 тури бўйича, хусусан, жиу-житсу, кураш, бокс, таэквондо, енгил атлетика, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш, оғир атлетика, дзюдо, отиш, теннис, трамполин каби спорт турлари бўйича қатнашмоқда. Улардан курашчи Маъруф Ғайбуллаев бугун, 28 август куни мамлакатимиз терма жамоасига навбатдаги олтин медалини олиб келди.
Мавзуга оид
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
17:54 / 31.08.2024
Марказий ҳарбий округда зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш йўлга қўйилди
21:42 / 20.08.2024
Россия Мудофаа вазирлиги «Белгород», «Брянск» ва «Курск» қўшин гуруҳларини ташкил этди
14:19 / 04.06.2024