Иқтисодиёт | 12:33 / 28.08.2018
7658
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистоннинг логистика бўйича таклифини қўллаб-қувватлади

Фото: alianca.ru

Россия Ўзбекистоннинг қўшма улгуржи-тақсимлаш тармоқлари ва транспорт-логистика хабларини ташкил этиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади, дея хабар беради Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги.

Умумий лойиҳаларни амалга ошириш 24 август куни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкиннинг Тошкентга ташрифи давомида муҳокама қилинди. У Россия ва Ўзбекистон чегара ҳудудларида улгуржи-тақсимлаш тармоқлари ва транспорт-логистика хабларини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлаган.

«Бу юкларни ташиш учун қулай шартлар ва махсус тарифларни, шу жумладан транзит мамлакатлар ҳудудлари орқали таъминлайди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳа тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика ва транспорт-экспедицион хизматларини кўрсатиш, шунингдек, юкларни ташиш ҳамда логистика занжирларининг оптимал схемаларини ишлаб чиқиш борасидаги эҳтиёжларини қондириш учун самарали логистика тармоғини шакллантириш имконини беради», - дея таъкидлаб ўтишди Ташқи савдо вазирлигидан. 

Россия томонига экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг («Российский экспортный центр», «Росэксимбанк» ва «ЭСКАР») ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон банклари ва «Внешэкономбанк» ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш таклиф қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид