Жаҳон | 15:03 / 29.08.2018
33623
4 дақиқада ўқилади

«Агар мени кўрсангиз, кўз ёши тўкинг» - Европадаги қурғоқчилик даҳшатли башоратларни ошкор қилди

Европада давом этаётган қурғоқчилик натижасида, «очлик тошлари» номи билан машҳур бўлган ва тарихдаги ҳалокатли табиий офатлардан далолат берадиган ва авлодларни уларнинг фалокатли оқибатларидан огоҳ қиладиган харсанг тошлар юзага чиқиб қолди.

Фото: AP /Petr David Josek

Бу йил ёзда Европадаги қурғоқчилик кўплаб катта дарёлар суви сатҳининг кескин пасайиб кетишига олиб келди. Натижада, бир неча асрлар давомида сув остига яширинган тарихий ёдгорликлар оммага кўриниб қолди.

Ўрта асрларда, Эльба дарёси сатҳининг пасайиши кузги ҳосилнинг яхши бўлмаслиги, натижада, аҳоли қишда очликка дуч келишидан далолат берган. Шу туфайли, Германия аҳолиси дарё тубида ётган катта харсанг тошлар юзасига авлодларни келгуси фалокатлардан воқиф этувчи ёзувларни ўйиб қолдиришган. «Очлик тошлари» дарё сувининг сатҳи пасайганида юзага чиққан ва одамларни фалокатнинг яқинлигидан огоҳлантирган.

Айни пайтда, Чехиянинг Дечин шаҳридан ўтувчи Эльба дарёси қирғоқларида кўплаб шундай тошларни кўриш мумкин. 

Фото: AP /Petr David Josek

Эльба дарёси қирғоқларидаги энг кўҳна «очлик тошлари»дан бирининг тарихи 1616 йилга бориб тақалади. Унда «Wenn du mich siehst, dann weine», яъни, «Агар мени кўрсангиз, кўз ёши тўкинг» деган ёзувлар бор.  Бу Марказий Европадаги энг кўҳна гидрология ёдгорлигидир. 

Европанинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси тарих давомида фалокатли қурғоқчилик ва очлик йилларини бошидан ўтказишган. Чехия ва Германиянинг турли ҳудудларидан оқиб ўтувчи Эльба дарёси қирғоқларида 1417, 1616, 1707, 1746, 1790, 1800, 1811, 1830 , 1842, 1868, 1892, 1893, 1900 йилларда юз берган қурғоқчилик ҳақидаги хабарлар ўйиб ёзилган «очлик тошлари»ни кўриш мумкин.

Фото: EFE

Бу тошларда исми номаълум муаллифлар қурғоқчилик натижасида ҳосилнинг паст бўлиши, қишда озиқ-овқатнинг етишмаслиги, нон нархининг ошиши ва фақир одамларнинг очликдан нобуд бўлиши ҳақидаги ёзувларни қолдиришган.

Қадимги одамларнинг маҳзун ёзувларини тушуниш мумкин - ўша йиллардаги қурғоқчилик ҳосилнинг пасайишига ва оммавий очарчилик натижасида, кўплаб одамларнинг қирилиб кетишига олиб келган. Шу туфайли, дарё сатҳининг маълум бир чегарадан пасайиб кетиши деҳқонлар ва шаҳарликларни даҳшатга солган.

«Очлик тошлари» ҳақида XIX аср газеталарида ҳам мақолаларни учратиш мумкин. Teplitzer Zeitung нашрининг 1876 йил 30 август кунги сонида қуйидаги мисралар ёзилган:

«Узоқ давом этган қурғоқчиликдан сўнг, Эльба жуда абгор аҳволга келиб қолди. Бу 1842 йилдан бери кузатилмаган эди - ҳамма жойда «очлик тошлари» юзага чиқиб қолди, кўприк олдида эса сув сатҳи 1 метрдан ошмаяпти».

Сўнгги 250 йил давомида Европада юз берган қурғоқчиликларни ўрганган олимлар 21-асрда юз берган бундай табиий офатлар оғир бўлганини, аммо жуда даҳшатли ва оммавий бўлмаганини айтишмоқда.

Фото: dpa / K.D. Gabbert

Изланишлар давомида, сўнгги қурғоқчилик ҳолатлари ҳаво ҳароратининг рекорд даражада юқори бўлаётгани билан боғланган. Бу эса тупроқни «мисли кўрилмаган даражада» қуритиб, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келган. Тадқиқотчилар фикрига кўра, бу тенденция анча хавотирга солмоқда, чунки Европа иқлими борган сайин исиб кетмоқда, ёзда эса ҳароратнинг янги рекордлари ўрнатиляпти.

2018 йил ёзида Европанинг кўплаб мамлакатлари жазирама, қурғоқчилик ва ёнғинлардан зарар кўришди. Ҳозирги вақтда Эльба дарёсининг сув сатҳи жуда пасайиб кетган ва хавфли чегарага яқинлашган.

Шимолий ва марказий Европадаги қурғоқчилик «яқин орада юз берган энг давомли муттасил қурғоқчилик»лардан биридир, деб ёзмоқда The Guardian. 2018 йилдаги қурғоқчилик ҳаво ҳароратининг кескин даражада ошиши билан бирга келган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид