Жаҳон | 18:18 / 17.11.2025
8279
3 дақиқада ўқилади

Эрон сўнгги ярим асрдаги энг кучли қурғоқчилик фонида булутларни «экишни» бошлади

Булутларни «экиш» технологияси Эронда кўп йиллардан бери қўлланилмоқда: булутларга намлик ажралиши ва ёмғир шаклланишини рағбатлантирувчи кимёвий реагентлар пуркалади.

Фото: Getty images

Эрон ҳукумати қўшимча ёғингарчилик келтириб чиқариш ва ўта оғир сув инқирози оқибатларини юмшатиш учун булутларни экиш бўйича кенг кўламли операцияларни бошлади. Бу ҳақда сўнгги 50 йилдаги энг қурғоқчил куз мавсуми фонида IRNA давлат агентлигига таяниб NP хабар берди.

Эрон метеорология ташкилотлари об-ҳавони прогноз қилиш миллий маркази маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб ёғингарчилик даражаси ўртача йиллик кўрсаткичларга нисбатан тахминан 89 фоизга камайган. Бундай кескин пасайиш бу йилги кузни ярим асрлик кузатувлар учун рекорд даражада қуруқ қилади.

Булутларни экиш Урмия кўли ҳудудида махсус жиҳозланган самолётлар ёрдамида амалга оширилган. Йигирма йил олдин Урмия кўли Яқин Шарқдаги энг катта кўл бўлган ва маҳаллий иқтисодиёт туризм орқали гуллаб-яшнаган. Бугун эса шиддат билан қуриб бораётган сув ҳавзасининг туби шўр текисликка айланмоқда, кўплаб қайиқлар эса қуруқликда зангламоқда.

Таъкидланишича, тез орада амалиётлар кўл атрофида жойлашган ва Озарбойжон Республикаси билан чегарадош Шарқий ва Ғарбий Озарбойжон вилоятларида давом этади.

Булутларни «экиш» технологияси Эронда кўп йиллардан бери қўлланилмоқда: булутларга намлик ажралиши ва ёмғир шаклланишини рағбатлантирувчи кимёвий реагентлар пуркалади.

Беш йилдан бери давом этаётган қурғоқчилик шароитида унинг аҳамияти айниқса долзарблашди. Сув омборлари тезда қуриб бормоқда, расмийлар сув истеъмолини чеклашга ҳаракат қилмоқда, аҳоли эса инқирозни кучайтирмаслик учун сувни тежашга мажбур бўлмоқда.

Press TV давлат телеканалининг хабар беришича, сув танқислиги мамлакатнинг энг йирик шаҳарлари, жумладан, пойтахт Теҳронда ҳам хавотир уйғотмоқда.

Булутларни экиш бўйича миллий тадқиқотлар маркази раҳбари Муҳаммад Маҳдий Жаводиёнзоданинг таъкидлашича, операциялар май ойининг ўрталарига қадар давом этади - агар об-ҳаво шароити мос келса, самолётлардан ҳам, дронлардан ҳам фойдаланилади.

Унинг таъкидлашича, Эрон ўта қурғоқчил иқлимли минтақада жойлашган, шунинг учун булутларни экиш фақат ёғингарчиликни кўпайтириш учун амалга оширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид