Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда, уларнинг бари болалар ва педагоглар манфаатлари йўлида хизмат қилишига, шунингдек мактабгача таълим сифатини яхшилашга  қаратилган. Тизимда қандай муаммолар мавжуд ва улар қай тариқа ҳал қилинмоқда? Соҳада қандай янгиликлар кузатилмоқда? Ислоҳотлардан нималарни кутиш мумкин? Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) тизимида ўзгаришлар талайгина. Уларга имкон қадар батафсил тўхталиб ўтамиз.

Мактабгача таълим тизимида қандай янгиликлар?

2018 йилнинг сентябрь ойидан татбиқ қилинадиган янги мактабгача таълим дастури давлат талабларига асосланган ва республикадаги барча мактабгача таълим муассасалари янги дастур билан таништирилган. Давлат ва дастур талабларини ўзида жамлаган ҳужжатлар пакети барча минтақалардаги МТМларга етказилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда биринчи марта ҳаммага мавзуий режалаштириш дастурлари тарқатилган.

"Илк қадам" дея номланган янги дастурнинг асосий тамойили - таълим жараёнига қўшилаётган кичик ёшли болаларнинг илк қадамлари.

"Умуман олганда, давлат талабларида кичик ва мактаб ёшигача бўлган болаларни беш йўналишда ривожлантириш кераклиги кўрсатилган. Бу беш йўналишни ривожлантириб, бола 4 компетенцияга эга бўлади, яъни у 1-синфга чиқишга мотивация олади", - дейди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Янги дастурда барча нарсанинг асоси ижтимоий ёндашувдир, яъни диққат марказида - бола ва унинг манфаатлари. Педагог ота-она, педагогик таркиб, боланинг ўзи ва албатта, жамият ҳамда давлат каби ижтимоий ҳамкорлар билан бир ижтимоий муҳитни ташкил қилади.

Дастур асосида билим олиш жараёнини ўйинлар орқали ривожлантириш ётади. Болаларда илм олиш, ижод, ижтимоий йўналиш каби тушунчалар ривожланади, соғлом ҳаёт тарзи тарбияланади ва улар ижтимоий муҳитда ўзларини қандай тутиш кераклигини тушуна бошлашади.

Гуруҳлардаги болалар сони

Шу йилдан бошлаб Ўзбекистонда бир гуруҳда 25 нафаргача бола бўлиши меъёрий кўрсаткич сифатида белгиланди, айниқса синов тариқасида фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларида. Илгари эса бир гуруҳдаги болалар сони 30 дан зиёд, баъзидан эса 40 тагача етар эди, бу эса болаларнинг сифатли мактабгача таълимга эга бўлишида муайян муаммоларни келтириб чиқарарди.