Kun.uz мухбири мактабгача таълим тизимдаги коррупция, муаммолар кўлами ва уларга ечимлар мавзусида Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов билан суҳбатлашди.

«Ҳимоясиз болалар ҳақини ўғирлаш – энг ёмони»

— Мактабгача таълим тизимидаги ўғрилик бошқа соҳаларда йўл қўйилиши мумкин бўлган ўғриликларга қараганда қўпол ва ёмон. Чунки бу ерда ўзини ҳимоя қила олмайдиган кичик болакайларнинг ҳақи бор. Боланинг оғзидан овқатни тортиб олиш, унга таълим бериш керак бўлган мутахассисни «ўлик жон» қилиб қўйиш унинг ўша куни керакли озуқани истеъмол қилмаслигига, керакли билимни ўзлаштирмаслигига сабаб бўлади.

Боғчада боланинг ҳуқуқи бузилса, у қайта тикланмайди, деб ҳисоблайман. Масалан, 1 килограмм гўшт 10 нафар боланинг бир кунлик ҳақи ҳисобланади. Айбдор 10 кун гўшт ўғирлаб, жаримани тўлаб қўйиши мумкин, лекин у бола емаган кунларни ортга қайтара олмайди.

Боғчаларда қайси ҳолатларда кўпроқ ноқонунийлик ҳаракатлар кузатилади?

— Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизмати асосан жорий харажатларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилади. Булар иш ҳақи, озиқ-овқат, коммунал тўловлар, жорий таъмирлаш ва шунга ўхшаш харажатларни ўз ичига олади.

Тизимда асосан иш ҳақига ажратилган маблағларнинг ноқонуний ва ортиқча сарфланишига йўл қўйиш ҳолатлари аниқланмоқда: 2019 йилда 9,4 миллиард сўм, 2020 йилнинг 10 ойида 8,5 миллиард сўм иш ҳақи маблағлари ноқонуний тўланган.

Озиқ-овқат харажатларига ажратилган маблағларнинг ноўрин сарфланиши эса 2019 йилда 6,2 миллиард сўм, 2020 йилда 3,6 миллиард сўмни ташкил қилган.

Аниқланаётган коррупцион ҳолатлар текширувнинг қандай амалга оширилишига боғлиқ. Бу йилги комплекс текширувлар натижасида аниқланган ҳолатлар ҳам кўпроқ бўлди. Яна бир тарафи, 2020 йилда аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағларнинг ҳаммаси шу йилга тегишли бўлмаслиги мумкин. Одатда, текширувда охирги йиллардаги маълумотлар ўрганилади.

Масалан, 2019 йилда Каттақўрғон шаҳридаги 10-сонли МТТни текширганмиз. Бу ҳолатда боғчада 2014 йилдан 2018 йил январгача 1 миллиарддан кўпроқ бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланган. Шунинг учун текшириш сони ва қамровига қараб натижа ҳам юқорироқ бўлиши мумкин.