Самарқандда мустақилликнинг 27 йиллик тантаналари кенг нишонланди — фотолар
Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Вилоят аҳлига табрик сўзларини йўллар экан, ҳоким вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов қисқа фурсат ичида вилоятда амалга оширилган ишлар, ҳали қилиниши лозим бўлган ва белгилаб олинган режалар ҳақида ҳам сўзлади.
Улкан мониторларда ўтган бир йил ичида юртимизда, вилоятда амалга оширилган ишларнинг ўзига хос сарҳисоби намойиш этилди. «Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакати» эканлигига алоҳида урғу берилди.
Шундан сўнг санъаткорлар байрам дастурини бошлаб беришди. Аввало халқимиз суйиб эшитадиган мумтоз наволардан бошланган куй-қўшиқ ҳамда рақсларга болажонларнинг чиқиши уланиб кетди.
Ҳарбийларнинг ўктам қўшиқлари, саҳнадаги аскарларнинг одимлари дастурга ўзгача файз берди.
Маҳаллий ёш санъаткорларнинг чиқиши томошабинлар томонидан ўзгача кутиб олинди. Марҳум санъаткор Фурқат Мирзаевнинг фарзандлари томондан ижро этилган «Номингдан айланай, Ўзбекистоним» қўшиғини айниқса мухлислар гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.
Байрам дастурида Марказий Осиё давлатларининг бирдамлиги мавзусига ҳам катта эътибор берилган. Қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва ўзбек миллий қўшиқ ҳамда рақсларининг кетма-кет ижро этилиши, шу вақтда улкан мониторларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро учрашувлари акс эттирилган лаҳзалар бериб борилиши — асрлар оша дўст ва биродар, қондош бўлиб келган халқлар орасидаги дўстлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликликни асраш, улуғлаш давр тақозоси эканлиги чиройли ишора бўлди.
Байрам дастури сўнгида самарқандлик таниқли санъаткорлар, шунингдек пойтахтдан ташриф буюрган таниқли хонандалар йиғилганларга байрам кайфиятини улашишди.
Байрамни вилоят раҳбарлари, зиёлилар, корхона ва ташкилотларда ишловчи меҳнаткашлар биргаликда томоша қилишди ва кўтаринки кайфиятда тарқалишди.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024