Ўзбекистон | 14:51 / 30.08.2018
4282
12 дақиқада ўқилади

Почта операторлари учун терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари тасдиқланди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қарори билан почта алоқаси операторлари, провайдерлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари тасдиқланди.

Қоидаларга кўра, қуйидагилар ички назорат тизимининг мақсади ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қирғин қуролини тарқатишга қаратилган пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

почта алоқаси операторлари, провайдерларининг жиноий фаолиятга қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жалб этилишига йўл қўймаслик;

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатларда қайд қилиш ва камайтириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.

Қуйидагилар почта алоқаси соҳасидаги ички назорат тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўз таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтиришга доир тегишли чораларни кўриш;

фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларини ва идентификациялаш жараёнларини амалга ошириш, шу жумладан фойдаланувчилар ва уларнинг бенефициар мулкдорлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаш ва верификациялаш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини ўрганиш бўйича имкон қадар чоралар кўриш;

юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилаётган операцияларни чуқур мониторинг қилиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларда белгиланган тартибда шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операциясини кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриш (бундан пул маблағларини кирим қилиш ва уларни ўтказма ҳисобга ўтказиш бўйича операциялари мустасно) ва (ёки) пул маблағларини ишга солмай тўхтатиб қўйиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва фойдаланувчиларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

шубҳали операцияларни амалга ошириш ёки амалга оширишга бўлган уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган фойдаланувчилар билан алоқадор бўлган шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек бундай маълумотларни бошқа давлат органлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро алмашиб бориш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан Рўйхат билан солиштириш орқали террорчилик фаолиятини ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш;

чет элдаги почта оператор, провайдерлар билан пул ўтказмаларини алмашиб боришга алоқаларни ўрнатишда уларнинг ички назорат тизимини ўрганиш.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ички назорат тизими уларнинг иш жиҳатлари, фойдаланувчилар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари ички назорат тизимининг тегишли тузилмасини ташкил этиши керак.

Ички назорат тизимининг тузилмаси почта алоқаси оператори, провайдери раҳбарининг буйруғи билан белгиланади ва аниқланган таваккалчиликлар ҳамда уларнинг баҳоланишини ҳисобга олиб қайта кўриб чиқилиши лозим.

Ички назорат тизими оператор, провайдерларнинг тегишли бўлинмалари ёки масъул ходимлари, шунингдек почта алоқаси ходимларидан иборат.

Ички назорат тизимининг тузилмаси почта алоқаси оператори, провайдери раҳбарининг буйруғи билан раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган ходимлар орасидан тайинланадиган тегишли раҳбар томонидан бошқарилади.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш чораларини кўришлари керак.

Лозим даражада текшириш чоралари барча янги фойдаланувчилар ҳамда таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб бор фойдаланувчиларга нисбатан кўрилади.

Лозим даражада текшириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши керак:

фойдаланувчилар билан амалий иш муносабатлари ўрнатилганда;

пул ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) хизматларини кўрсатишда;

ўтказиладиган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадларига дахлдорлигига нисбатан ҳар қандай шубҳалар мавжуд бўлганда;

фойдаланувчи тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг ишончлилигига (ҳақиқийлигига) гумонлар мавжуд бўлганда.

Фойдаланувчини лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида фойдаланувчининг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш;

фойдаланувчининг бенефициар мулкдорини идентификациялаш;

фойдаланувчи томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари

ва операцияларни уларнинг бундай фойдаланувчи ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказиш.

Фойдаланувчини лозим даражада текшириш бўйича кучайтирилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчи ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни тўплаш ва қайд этиш;

фойдаланувчидан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағлари манбалари ҳақидаги маълумотларни олиш;

ушбу фойдаланувчи томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиш.

Фойдаланувчининг операцияларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириғи билан бир вақтда ёки кўп маротаба мурожаат қилишида почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидагиларни бажаришга мажбур:

ушбу Қоидалар ёки бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ операция бўйича фойдаланувчини ёки наф олувчини идентификациялаш;

аввалги ҳисобот даври (ой, йилнинг чораги, ярим йиллик, йил) давомида ушбу фойдаланувчининг илгари ўтказган операцияларини ўрганиш, агар ихтиёрида бундай операциялар тўғрисида маълумотлар бўлса;

операциянинг турини ва унинг фойдаланувчи — юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолияти мақсади ва турларига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

операция турини ҳамда унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фойдаланувчи — жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фаолият турига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

аниқ иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, фойдаланувчининг лозим даражада текшириш материалларига илова қилинадиган фойдаланувчининг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўзда тутилган унинг фаолияти мақсадларига ва турларига мос келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма қайд қилиш;

пул ўтказмаларини жўнатиш операцияларини фойдаланувчилар лозим даражада текширилганидан кейин амалга ошириш;

фойдаланувчилардан амалий иш муносабатларининг мақсади ва кўзда тутилган тавсифи тўғрисидаги маълумотларни.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидаги ҳолларда халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияларга алоҳида эътибор қаратишлари ва таҳлил қилишлари керак:

хорижий давлатларнинг операторлари, провайдерлари билан шартномалар тузишда халқаро пул ўтказмалари бўйича шерикнинг ишга оид фаолиятининг хусусияти тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун бундай шерик тўғрисида тўлиқ ахборот тўплаши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатларнинг ҳудудида жойлашган хорижий давлатларнинг операторлари, провайдерлари билан шартномалар тузишда улар билан амалга ошириладиган барча операцияларга алоҳида эътибор қаратиши;

ошкора ахборот асосида почта алоқаси оператори, провайдерининг обрўсини, шу жумладан бу оператор, провайдерга нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ қоида бузилишлари юзасидан текширувлар ўтказилганлигини аниқлаши;

пул ўтказмаси тўғрисидаги бутун ахборотни сақлаши;

жўнатилаётган пул ўтказмаларига жўнатувчи тўғрисидаги аниқ маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса), шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат) серияси ва рақами, операциянинг хос рақами, олувчи тўғрисидаги аниқ маълумотлар (фамилияси, исми отасининг исми (агар мавжуд бўлса) ва унинг паспорт маълумотлари, операциянинг хос рақами илова қилинишини таъминлаши.

Жўнатувчилар тўғрисида тўлиқ маълумотлар бўлмаган тақдирда операторлар, провайдерлар хорижий давлатларнинг операторлари, провайдерлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ улардан уч иш куни давомида пул маблағларини жўнатувчилар тўғрисида қўшимча ахборот олиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бундай имконият бўлмаган ҳолда оператор, провайдер билан шартномани бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш зарур.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидаги ҳолларда фойдаланувчига операцияларни амалга оширишни рад этиши лозим:

фойдаланувчини лозим даражада текшириш чораларини кўллаш имкони бўлмаганда;

идентификациялашни тугатиш имкони бўлмаган ёки лозим даражада текшириш натижалари бўйича у билан ишга оид муносабатларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар олинган ҳолда;

юридик шахснинг бошқарув органи ёки юридик шахс номидан ишончномасиз фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзининг жойлашган жойи (почта манзили) бўйича мавжуд бўлмаганида;

атайин нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Бундай ҳолларда почта алоқаси операторлари, провайдерлари махсус ваколатли давлат органига хабар юборишлари керак.

Барча мураккаб, ғайриоддий йирик операциялар, аниқ ёки ошкора иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган бошқа шубҳали операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар қоғозда қайд қилинади ёки фойдаланувчиларни идентификациялашни амалга оширувчи шахсларга фойдаланувчи тўғрисидаги ахборотни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдалана олиш имконини берадиган электрон маълумотлар базасига киритилади.

Таваккалчилик даражаси мижознинг фаолияти ва амалга оширадиган операциялари турларини инобатга олган ҳолда фойдаланувчи тақдим қилган маълумотлар, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ва мижозни лозим даражада текшириш натижалари асосида масъул ходим томонидан аниқланади ва баҳоланади.

Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига олдиндан қуйидаги мезонларга тўғри келадиган фойдаланувчилар киритилиши керак:

а) Рўйхатга киритилган шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган шахснинг эгалиги ёки назоратидаги шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилувчи шахслар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) чет эл корхоналарининг ваколатхоналари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмаган жисмоний шахслар;

г) оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган резидент ва норезидентлар;

д) ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ҳужжатларида ёки рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

е) бенефициар мулкдори мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандларида кўрсатилган шахс ҳисобланган ташкилотлар;

ж) мунтазам равишда (уч ой ичида кетма-кет) шубҳали операцияларни амалга оширган фойдаланувчилар;

з) юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари;

и) жўнатувчи тўғрисидаги маълумотлари (жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахсларнинг номи, жўнатувчининг жойлашган ери (почта манзили) ва ҳисоб рақами) тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган пул маблағларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган операциялар;

к) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа операциялар.

Мавзуга оид