Жамият | 14:33 / 31.08.2018
15133
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги хусусий банк тизимида талон-торожлик аниқланди

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тақдим этган хабарга кўра, жорий йилнинг 18 август куни Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимига “Tosh Invest” масъулияти чекланган жамияти директори Д.Ш. “Давр-банк” хусусий акциядорлик тижорат банки тизими орқали қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириб, талон-торож қилаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Шу асосда, Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор текширув ҳаракатлари давомида тўпланган далиллар ҳамда ХАТБ “Давр-банк” томонидан ўтказилган аудиторлик текширув хулосасига кўра, 2018 йил май-июнь ойларида ХАТБ “Давр-банк” Амалиёт бошқармасида ишлаган У.А. ҳамда “Tosh Invest” МЧЖ директори Д.Ш.лар ўзаро тил бириктириб, ишониб топширилган ва ихтиёрларида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш мақсадида, бир нечта жисмоний шахслар номига мақсадли равишда пластик кредит карталарини расмийлаштириб, кредит маблағларини ушбу пластик карталарига ўтказмай, ХАТБ “Давр-банк”га тегишли бўлган 149 млн. сўм миқдордаги пул маблағларини “Tosh Invest” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганликлари аниқланган.  

Мазкур ҳолат юзасидан, 2018 йил 29 август куни Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш: жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган моддий зарар тергов даврида тўлиқ ундирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АТ “Халқ банки” Косонсой филиали бошқарувчиси ўзининг жиноий шериклари билан жуда кўп миқдордаги пулни талон-торож қилиб юборгани хабар берилганди.

Мавзуга оид