Спорт | 18:36 / 01.09.2018
9068
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида иштирок этмоқда

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

1-9 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикаси Чолпон-Ата шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида Ўзбекистон вакиллари иштирок этади.

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси «Тошкент» халқаро аэропортидан Қирғизистонга жўнаб кетди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросими 2 сентябрь куни, ёпилиш маросими 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон спорт делегацияси жами 76 кишидан иборат, шундан 13та спорт туридан (кураш, самбо, гуштини милли камарбанди (Тожикистон кураши), қозоқ кураши бўйича, пахлавани (Эрон кураши), гюлеш (Озарбойжон кураши), аширтмали аба гулеши (Туркия кураши), алиш кураши (Қирғизистон кураши), гореш (Туркманистон кураши), мангол бох (Мўғулистон кураши), қирғиз кураши, армрестлинг, лочин ови ва тайганлар югуриши бўйича) 54 нафар спортчи, 15 нафар мураббий ва 7 нафар менежер, мутахассис, ишчи гуруҳи аъзолари ва раҳбари иштирок этади.

Маълумот учун, 2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да Чолпон-Ата шаҳридаги «Ипподром» стадионида 80та давлат спорт делегациялари 2000 нафар иштирокчилар иштирокида III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ўйинларда 50та спорт тури бўйича 500дан ортиқ медаллар жамланмаси ўйналади. Турнирда Ўзбекистон номидан 13та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи иштирок этади.

Қайд этиш керакки, ушбу ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор иштирок этмокда.

«Мазкур ўйинларни ўтказишдан асосий мақсад миллий спорт турларини асраш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир», дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид