Спорт | 20:29 / 03.09.2018
16454
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Осиё ўйинлари совриндорлари ва мураббийларини мукофотлашга 1,2 млн доллардан ортиқ пул ажратади

2 сентябрь куни Индонезияда 2018 йилги ёзги Осиё ўйинлари якунига етди. Унда қозоғистонлик спортчилар жами 76 медални қўлга киритишди: улардан 15таси олтин, 17таси кумуш ва 44таси бронза медаллардир.

Қозоғистон ҳукумати фармойишига кўра, олтин медални қўлга киритган спортчига 10 минг, кумуш медаль учун 5 минг ва бронза медали учун 3 минг доллар миқдорида мукофот берилади.

Агарда спортчи икки ва ундан ортиқ медални қўлга киритган бўлса, ҳар бир медали учун мукофотланади. Жамоавий спорт турлари ва эстафеталардаги медаллар учун барча спортчиларга юз фоиз миқдоридаги муофотлар тўланади.

Шундай қилиб, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган қозоғистонликлар умумий ҳисобда 320 минг, кумуш медал соҳиблари 225 минг ва бронза медалларига сазовор бўлганлар 767 минг доллар мукофот олишади.

Осиё ўйинларидаги олтин медал учун мураббийлар 5 минг, кумуш учун 3 минг ва бронза учун 2 минг доллар мукофот олишади. Сўнгра бу мукофот биринчи ва шахсий мураббийлар ўртасида тенг тақсимланади. Қозоғистонлик чемпионларнинг мураббийлари умумий ҳисобда 160 минг, кумуш медалчиларники 135 минг ва бронза медалчилар мураббийлари 148 минг доллар олишади.

Шу тарзда спортчилар ва мураббийларни тақдирлаш учун республика бюджетидан 1 млн 210 минг доллардан ортиқроқ маблағ ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, бу сафарги Осиё ўйинларига Ўзбекистондан 234 нафар спортчи йўл олиб, улар спортнинг 30 тури бўйича мамлакат шарафини ҳимоя қилишди .

Якунда Ўзбекистон делегацияси 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, жами 70 медални қўлга киритди. Бу эса медалларнинг умумий сони бўйича ҳам, олтин медаллар сони бўйича ҳам, кумуш ва бронза медаллар сони бўйича ҳам натижалар яхшиланиши бўлди.

Турнирга 45 мамлакатдан 9704 нафар спортчи ташриф буюрди. Спортнинг 42 тури бўйича 476 комплект медаллар жамланмаси ўйналди. 

Мусобақа давомида ўзбекистонликлар Осиё ўйинлари рекордларини янгилашди. Светлана Радзивил баландликка сакраш бўйича уч карра Осиё ўйинлари ғолибига айланиш билан бир қаторда, 2010 йилда ўзи ўрнатган рекордни янгилай олди. Шунингдек, Руслан Нуриддинов оғир атлетика бўйича Осиё ўйинларининг янги рекордчисига айланди. Вадим Меньков байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича тўрт карра Осиё ўйинлари ғолибига айланган илк спортчи бўлди. 

Ўзбекистон бокс жамоаси эса турнирда яққол гегемонлик қилди ва катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид