Жамият | 01:23 / 04.09.2018
18226
2 дақиқада ўқилади

Бухорода эрини пичоқлаган аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди  

Иллюстратив фото

Бухоро вилояти, Олот тумани, “Ғанжи-Чандир” МФЙда яшовчи М.Давлатова турмуш ўртоғи К.Қурбонов билан Олот тумани, “Арабхона” МФЙда вақтинча ташкил қилинган буюм бозорида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолишади. Шунда аёл бозорда савдо вақтида фойдаланиб келган қўлидаги ошхона пичоғини эрининг қорин соҳасига санчиб, оғир жароҳат етказиб, ҳаётига хавф солувчи белгиларга кўра қасддан баданига оғир шикаст етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан М.Давлатовага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши учун суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судида судланувчи М.Давлатова Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. У суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, шахсини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, унинг ҳаракатида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб баҳоланиб, судланувчига нисбатан жазо масаласи муҳокама қилинди. Судларнинг қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига риоя қилишлари лозимлиги тўғрисидаги талабларга амал қилган ҳолда судланувчи М.Давлатовага нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид