«Миллионларни яшириш». Моуриньо шартли қамоқ жазосига рози бўлди
«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо «Реал»да ишлаган вақтида солиқларни тўламаслиги бўйича суд қилинди, у Испания солиқ идораси томонидан қўйилган айбларни тан олди ва бир йиллик шартли қамоқ жазосига рози бўлди. ОАВ маълумотига кўра, Моуриньо Испания ғазнасига 3,3 миллион доллар миқдоридаги маблағни тўламаган.
Моуриньога нисбатан 2011-2012 йилларда солиқдан қочиш бўйича иш очилган. El Mundo нашри прокуратурага асосланиб тарқатган хабарига кўра, у имиж ҳуқуқларидан олган даромадини Британиянинг Виргиния оролларидаги оффшор компанияси орқали яширган. Португалиялик мутахассис 2011 йилда 1,6 миллион евро, 2012 йилда 1,7 миллион евро миқдорида солиқ тўламаган. Бу қонунбузарликларнинг ҳар бири учун у 6 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинади.
Бироқ, Испания қонунчилигига кўра, 2 йилгача бўлган қамоқ жазоси шартли ҳисобланади, шу туфайли, Моуриньо озодликда қолади.
Бундан ташқари, Моуриньо бу иш юзасидан Испания солиқ идорасига 670 минг евро миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.
Маълумот учун, шу йилнинг майида Моуриньо ушбу ишни ёпиш учун Испания ғазнасига 800 минг евро тўлашга тайёр бўлганди.
Португалиялик мураббий «Реал»ни 2010 йилдан 2013 йилгача бошқарган. Бу давр мобайнида у «қаймоқранглилар» билан бир марта Испания чемпиони бўлган, шунингдек бир мартадан Испания Кубоги ва Испания Суперкубогида ғалаба қозонган.
Қайд этиш керакки, Моуриньо Испания солиқ қонунчилиги билан муаммога дуч келган футбол оламидаги ягона таниқли шахс эмас. Бунгача «Реал»нинг собиқ футболчиси, ҳозирда Туриннинг «Ювентус» клуби ҳужумчиси ҳисобланадиган Криштиану Роналду ҳам Испанияда солиқ тўламагани учун жазоланганди.
Прокуратура маълумотига кўра, Роналду 2011 йилдан 2014 йилга қадар бўлган муддатда 4,7 миллион евро миқдоридаги солиқларни яширган. У солиқларни яшириш учун 2010 йилда тузилган компаниясидан фойдаланган.
Аввалига 33 ёшли футболчига 8 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилганди, аммо Роналдунинг вакиллари солиқ идоралари билан келишувга эришди ва муддат 2 йилга камайтирилди. 4 жиноятда айбланган футболчи Испания солиқ органларига 19 миллион евро тўлаб берди. Шундан 2 миллион евро футболчига қайтариб берилди, солиқ хизмати бу миқдордаги маблағни футболчи ўтган вақт давомида ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) сифатида тўлагани учун қайтарди.
Испанияда солиқ муаммосига «Барселона» футболчиси Лионель Месси ва унинг отаси Хорхе ҳам дуч келган. Улар иккиси Каталония пойтахти суди томонидан 2007-09 йилларда 4,1 миллион евро миқдоридаги солиқни яширишда айбланиб, 21 ой муддатга ҳукм қилинган.
Тергов маълумотига кўра, Мессининг отаси ўғли балоғатга етмаган вақтда оффшор компания ташкил этган, унинг мақсади футболчининг рекламалардан келадиган даромадларидан солиқларни яшириш бўлган. Футболчининг ўзи эса бундан бехабар бўлган.
Лионель Мессининг айбсизлигини отаси тасдиқлади ва ишни ўз молиявий маслаҳатчилари билан олиб борганини маълум қилди. Натижада аргентиналик футболчи шартли қамоқ жазоси олиб, 2010 ва 2011 йилда очилган ишлар бўйича жами 15 миллион еврони солиқ хизматига ўтказиб берди.
Мавзуга оид
13:38 / 01.06.2023
«Севиля» яна Европа Лигасида ғолиб. Уларни Моуриньо ҳам тўхтата олмади
20:46 / 28.01.2023
Моуриньо Шомуродовнинг «Рома»дан кетаётганини тасдиқлади
15:08 / 12.10.2022
«Қишдаёқ барчасини тарозига қўямиз». Элдорнинг агенти Моуриньонинг Шомуродовга икки эътирози, Римда нега қолгани ва келажаги ҳақида
21:57 / 22.08.2022