Жаҳон | 19:58 / 04.09.2018
29647
2 дақиқада ўқилади

Сурияда Россия томонидан энг йирик бомбардимон бошлангани хабар қилинди

Фото: Vadim Savitsky

Россия ҲКК Идлиб шаҳридаги қуролланган гуруҳлар жойлашган ҳудудларда бир йил ичидаги энг йирик бомбардимонни бошлади, деб хабар берди Al-Masdar News ҳарбий манбаларга таяниб.

Уларнинг маълумот беришича, ҳарбий ҳаракатларда “Су” самолётлари қатнашмоқда. Хабарга кўра, бомбардимончи самолётлар шаҳарнинг жанубий ва ғарбий туманлари бўйлаб 50га яқин авиазарба берган.

Reuters агентлигининг билдиришича, мухолифат вакиллари ва кузатувчилар ҳам Сурия ҳудудида россиялик ҳарбийлар бомбардимонни амалга оширишганини хабар қилишган.

Россия мудофаа вазирлиги операция бошлангани ҳақида ҳозирча расмий хабар тарқатмаган.

Аввалроқ, 4 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Идлиб вилоятида Россия ва Эрон қўшинларининг ҳарбий ҳаракатлар бошлаши Сурия учун жиддий гуманитар ҳалокатга айланиши мумкинлигини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, юз минглаб кишилар ҳалок бўлиши мумкин.

Идлиб Суриянинг жангарилар назорати остида бўлган охирги шаҳридир. Мазкур ҳудуд учун жанглар 2011 йилдан буён давом этмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид