Жамият | 19:03 / 05.09.2018
26584
6 дақиқада ўқилади

«Шуҳрат» медалига сазовор ногирон қизнинг келгуси тақдири нима бўлади?

Бугун Мирзачўл тумани маркази — Гагарин шаҳарчасига борган киши уни танимай қолиши аниқ. «Обод қишлоқ» дастури асосида кўчалар равон, уй ва иншоотлар чиройли қилинмоқда, янги, замонавий кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда... Бу ердаги улкан бунёдкорлик ишлари кишини ҳайратга солади.

Шаҳарчанинг олтита маҳалласи намунавий тарзда обод этилмоқда. Шаҳарчага кираверишдаги «Ғалаба» маҳалласидаги ўзгаришлар, айниқса, эътиборга сазовор. Шундай ишлар айни дамда «Мустақиллик» маҳалласида ҳам олиб бориляпти. 30 та кўп қаватли уйнинг томи ва дераза ромлари янгисига алмаштирилаяпти. Кўп қаватли уйлар олдидаги фуқаролар томонидан барпо этилган ноқонуний қурилмалар бузиб ташланмоқда. Аҳолига турли қулайликлар яратилмоқда.

Мазкур маҳалланинг «Фаровон» кўчаси, 21-уйнинг биринчи қаватида жойлашган 13-хонадонида 7 йилдан буён бир ўзи ёлғиз яшаб келаётган I гуруҳ ногирони Феруза Қўлдошеванинг ҳаётида муаммолар пайдо бўла бошлади.

Болаликдан ногирон — полиомиелит туфайли тўшакка михланган Феруза Қўлдошева кўп йиллик парваришдан сўнг қўлтиқ таёқ, протез оёқ ва ногиронлик аравачасидан фойдаланиб, ҳаракатлана оладиган бўлди.

Дастур ижроси доирасида бир хонали уйига қўшимча тарзда қурилган хона ноқонуний қурилиш сифатида бузилди. У хонада Феруза опа тикувчилик қилар эди. I гуруҳ ногирони бўлса-да, иши пухта, моҳир тикувчи сифатида атрофга танилган. 4 та «Подольск» тикув машинасига эга бўлиб, унда маҳалла қиз-жувонларига тикувчилик сирларини ўргатарди, шу вақтгача ўзини-ўзи моддий таъминлай оларди.

«Интернатда менга тикувчиликни ўргатишган. Шу ҳунарим бор. Шу ҳунаримнинг ортидан озми-кўпми даромад қилаётган эдим. Билганларимни бошқаларга ҳам ўргатиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган эдик», — дейди Ф.Қўлдошева.

Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан унга «Шуҳрат» медали берилди. Ҳаётидан мамнун, юртбошидан миннатдор Ферузанинг кўнглида янги орзулар бўй чўзди. Эскирган тикув машиналари ўрнига 3 та замонавий «Juita» машиналарини сотиб олишга киришган чоғида тикувчилик устахонасидан айрилди.

Ферузанинг уйи бир хонали. У кўп ҳам ташқарига чиқмагани учун мазкур уйни ўзи учун мослаштирган. Подъездан киришдаги эшикни беркитиб, даҳлизда ювиниш хонаси ва ҳожатхона қурилган. Уйга кириш учун ён томондан эшик очилган. Ана шу эшик олдида бир пайтлар унинг тикувчилик устахонаси бўлар эди. Ҳозир унинг вайроналари қолган, холос.

Энди мутасаддилар ён томондан очилган эшикни беркитиб, уйнинг лойиҳасида белгиланганидек подъезддан эшик очиш кераклигини айтишмоқда.

Феруза подъезддан уйга кириб чиқишда қийналишини, умуман ўзи учун яратиб олган шароитларига путур етишини айтмоқда. Чунки у қўшимча даромадидан айрилиб бўлди. Энди фақат давлат томонидан бериладиган нафақага яшашга мажбур. Унга ким ёрдам беради?

Унинг бу борада туман ва вилоят масъул мутасаддиларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолиб кетмоқда.

Биз Мирзачўл туман ҳокимлигида бўлиб, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Қулжоновадан мазкур вазият бўйича фикрларини билдик.

Фарида Қулжонова икки марта Ферузанинг уйига бориб, уни топа олмай келганини, икки кун аввал телефонда гаплашганини, вазиятдан хабари борлигини айтиб ўтди.

Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Қўлдошевага туман ҳокимлиги томонидан барча ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди. Туман ҳокимининг ҳам бундан хабари борлиги. Мустақиллик байрами тантаналари ўтиб олгач, шу кунларда «Обод қишлоқ» дастури бўйича маҳаллалар топширилгач, албатта масала бўйича ижобий томонга ечим топилиши ва бундан бизни хабардор қилишни ваъда қилди.

Ривожланган хорижий давлатларда ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг ардоғида бўлади. Уларга барча қулайликлар, имтиёзлар биринчи навбатда яратиб берилади. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ҳам олиб бораётган ислоҳотларида ногиронлиги бўлган шахсларга эътиборни кучайтириш, уларни жамиятнинг тўлақонли шахсларига айлантириш муҳим ўрин тутади.

Барчамиз, кўряпмиз, ўқияпмиз, гувоҳ бўлаяпмиз, ногиронлиги бўлган шахслар уйда иш билан таъминланаяпти. Ферузанинг ўз ташаббуси билан амалга оширган ишларидан мосуво бўлгани бироз ачинарли, албатта.

«Менда севган ишим, эртанги кунга ишонч бор эди. Энди нима қилишни билмай бошим қотиб қолди, қўлимдан ҳеч нарса келмайди, ноиложман», — деди Ф.Қўлдошева.

Ноқонуний иншоотлар бузилгач, Феруза истиқомат қилаётган кўп қаватли уй ва қўшни уй орасида анча бўш майдон ҳосил бўлмоқда. Туман ҳокимлиги мана шу жойдан тикувчилик устахонаси учун бир ногирон қизга ер майдони ажратишса, уни замон талабларига мос келадиган лойиҳа асосида тиклаш учун ҳомийлар бириктирилса муаммога жуда чиройли ечим топилган бўлар эди назаримда.

Зеро, иложсиз қолган бир кўнгли ўксик қизнинг кўнглини кўтариш, барчанинг, айниқса туман раҳбарларининг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи керак.

Ш.Шокиржонов, М.Сапарова

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид