Жаҳон | 19:52 / 05.09.2018
26495
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик қурувчиларнинг Москва вилоятида заҳарланишлари сабаби маълум бўлди

Фото: РИА Новости

Ўзбекистонлик қурувчилар Москва вилоятининг Котельники шаҳрида ошхоналарнинг ҳолати ёмонлиги сабабли заҳарланишган, деб хабар берди РИА Новости Роспотребнадзор матбуот хизматига таяниб.

Аввалроқ Котельники шаҳрида 26 киши овқатлангандан сўнг заҳарлангани, бир киши вафот этгани ва 23 киши касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди. Заҳарланганларнинг барчаси ўзбекистонлик қурувчилар бўлган.  

Роспотребнадзорнинг Москва бўйича бошқармаси текширув ўтказиб, қурилиш майдонларидаги ошхоналар ва таом тайёрлаш учун ишлатилган маҳсулотлар тайёрланадиган ишлаб чиқариш цехларида санитария ҳолати талабга жавоб бермаслигини аниқлади. Хусусан, маҳсулотлар намуналарида сальмонеллалар топилган. Кийимларда, ходимларнинг қўллари, тоза идишлар ва жиҳозларда стафилококк ва ичак таёқчаси гуруҳи бактериялари борлиги аниқланган.

Матбуот хизматининг хабар беришича, туман судларининг қарори билан 4 август куни ишчилар ётоқхонаси фаолияти тўхтатилган.

Ўзбекистонлик ишчиларнинг оммавий равишда заҳарланиши ҳақидаги маълумот ва эпидемиологик текширув натижалари жиноий иш қўзғатиш учун тергов органларига жўнатилган.

Мавзуга оид