Ўзбекистон | 15:20 / 06.09.2018
4571
2 дақиқада ўқилади

Чилонзор туманида 714 млрд сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган 

2018 йил 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Фото: senat.uz

Қайд этилганидек, бугунги кунда ҳудудда умумий ҳисобда 4412та корхона фаолият юритмоқда. Биргина 2018 йилда 714 млрд. сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 96,3 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Ҳозирга қадар ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 117,1 млрд. сўмни ташкил қилади. Жалб этиладиган сармоялар асосан Россия, Хитой, Туркия ва Корея давлатлари улушига тўғри келади.

Туманда турар жой фондининг салмоқли қисмини кўп қаватли уйлар ташкил этишини ҳисобга олиб, коммунал соҳага оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Бунда кўп хонадонли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан яхшилаш, бу соҳага туман бюджетидан ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфлашга урғу берилди.

Фото: senat.uz

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳияти, туманда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, ортиқча дабдабаликка, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритдилар. 

Мавзуга оид