Эрдўғаннинг “ўлдирилиши” ҳақидаги фильм режиссёри озодликдан маҳрум этилди
7 сентябрда туркиялик кинорежиссёр Али Авчи “Уйғониш” бадиий фильмида террорчиликни тарғиб қилгани учун жазоланди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу фильмда 2016 йил июлда Туркияда содир этилган давлат тўнтарувига уриниш агар амалга ошганда нима бўлиши ҳақида сўзланган бўлиб, унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг оиласи ўлдирилади.
Авчи фильмнинг трейлери чиққандан кейин ҳибсга олинган. Фильм сюжетига кўра, зобит Эрдўған ибодат қилаётганда унинг гарданига ўқ узади. Сценарий бўйича, Эрдўғаннинг бутун оиласи, жумладан унинг куёви – Туркия молия вазири Барат Албайроқ ҳалок бўлади.
Истанбул суди Авчини Фатҳулла Гулен ташкилоти билан ҳамкорликда айблаб, 6 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этган. Туркияда тўнтарувга уринишни ташкиллаштириш ортида айнан Гулен ва унинг тарафдорлари турган, деб ҳисобланади.
Суднинг фикрича, Авчи фильм орқали жамиятда “террорчилик ташкилоти” ғоясини тарғиб қилишга ҳаракат қилган. Судланувчи Эрдўғаннинг ўзи ҳам исёнчиларнинг нишони бўлгани ҳақида айтганини таъкидлаб, ўзига қўйилган айбловни рад этган. У ўзини оқлаш мақсадида агар террорчиликни тарғиб қилишни истаганда Эрдўғанни ўлдирилган эмас, балки мамлакатдан қочган кўринишда акслантирган бўлишини айтган.
“Бу фильм агар тўнтарув амалга ошганда нима бўлиши ҳақида. Мени Эрдўғанга тўппонча ўқталган саҳна учун жазолашмоқда. Бироқ исталган одамдан сўранг, тўнтарувдан мақсад Эрдўған бўлган, буни президентнинг ўзи ҳам айтади. Агар мен террорчиликни тарғиб қилганимда Эрдўғанни ибодат қилаётган ҳолда эмас, балки қочиш режасини тузаётган ҳолда кўрсатардим. Агар мен яширин мурожаат қилишни истаганимни исботлай олишса, мен умрбод қамоққа боришга тайёрман”, деб айтган Авчи.
Туркияда 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси ҳарбий тўнтарувга уриниш амалга оширилганди. Асосий тўқнашувлар Анқара ва Истанбулда кечган. Воқеа оқибатида 240 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 2 мингдан кўпроғи жароҳат олган. Исённи бостиришга муваффақ бўлинган.
Исёндан кейин Туркияда 50 мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинган, 160 мингдан кўпроқ давлат хизматчиси ўз ишидан бўшатиб юборилган.
Мавзуга оид
00:32 / 04.12.2022
Туркиянинг биринчи учувчисиз қирувчи самолёти синов парвозини муваффақиятли амалга оширди
00:54 / 03.12.2022
Туркиялик шарҳловчи ЖЧ-2022 ўйини танаффусида эфирдан четлатилди
11:10 / 28.11.2022
Ўзбекистон ва Туркия йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширмоқчи
17:10 / 25.11.2022