Иштихонлик фермернинг ҳақига чанг солганлар жавобгарликка тортилди — туман прокуратураси
Иштихон туман прокуратураси томонидан Kun.uz сайтида эълон қилинган «Иштихонда фермернинг ери тортиб олинди: энди эса қаровсиз пахта эгатлари орасида мош ўсмоқда» сарлавҳали мақола ва фуқаро Н.Қиличеванинг туман прокуратурасига ёзган аризаси юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Бу ҳақда Иштихон туман прокуратураси Kun.uz’га маълумот тақдим этган.
Аниқланишича, туман ҳокимининг 20.01.2017 йилдаги 145-Қ-сонли қарори билан фуқаро Н.Қиличевага фермер хўжалиги ташкил қилиш учун «Митан истиқлоли» ММТП ҳудудидан 24,44 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб, Н.Қиличева томонидан «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалиги ташкил этилган.
2018 йил ҳосили учун фермер хўжалигининг 10,5 гектар ер майдонига ғалла экилиб, ҳосил йиғиштириб олинган.
2018 йил ҳосили учун фермер хўжалигининг 13,1 гектар ер майдонига пахта экилиб, 8 гектар ер майдонида униб чиққан ғўза ниҳоли ўта сийрак, далани ўт босган ва қаровсиз қолдирилганлиги аниқланган.
Ушбу ер майдони фермер хўжалиги раҳбари Н.Қиличеванинг фермер хўжалиги ер майдонини туман захирасига қайтариш ҳақидаги аризасига асосан туман ҳокимининг 14.06.2018 йилдаги 1831-Қ-сонли қарори билан фермер хўжалигининг 24,44 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган.
Фермер хўжалигининг ер майдони 14.06.2018 йилда туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган бўлса-да, бугунги кунга қадар қайтариб олинган ер майдонига талабгорлар иштирокида танлов ўтказилмаган, бошқа фермер хўжалигига берилганлиги ҳақида ҳоким қарори мавжуд эмас.
Мазкур ер майдонларидан «Митан истиқлоли» ММТП раҳбари А.Раббимов вақтинча фойдаланиб келиб, ишчиларига ғалладан бўшаган 10,5 гектар ер майдонига такрорий экин сифатида мош эктирганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, «Митан истиқлоли» ММТП раҳбари А.Раббимов вақтинчалик фойдаланиб келаётган «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигининг 13,1 гектар ер майдонига 2018 йил ҳосили учун чигит экилган бўлиб, ушбу ер майдонларида ўз вақтида агротехник тадбирлар ўтказилмаганлиги оқибатида, ғўзанинг туп сони сийрак бўлишига, ер майдонларини бегона ўт босишига ва ғўза ниҳолларини ривожланишдан орқада қолишига сабаб бўлганлиги аниқланган.
Шунингдек, А.Раббимов ўзбошимчалик билан пахта орасига мош, сабзи ва маккажўхори экканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Иштихон туман бўлими томонидан «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонида «Митан истиқлоли» ММТП раиси А.Раббимов томонидан ўзбошимчалик билан пахта орасига бегона экинлар экканлиги ҳамда 13,1 гектар пахта майдонида ғўзага керакли ишловлар берилмасдан, ер майдонини ўт босишига ва ғўзани ривожланишдан орқада қолишига йўл қўйганлиги сабабли, унга нисбатан 05.09.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 107-моддаси 2-қисми ва 200-моддаси билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.
Мазкур фермер хўжалигининг 2017-2018 йиллардаги шартномавий пахта-ғалла режасини бажарилиши ўрганилганида, 2017 йилда пахта режасини 110,9 фоизга, ғалла режасини 100 фоизга ҳамда 2018 йилда ғалла режасини 56,2 фоизга бажарганлиги аниқланган.
«Агробанк» АТБ Иштихон филиали томонидан «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигига 2018 йил ғалла ҳосилини етиштириш учун 9 млн. 278 минг сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган ва 2018 йил ғалла ҳосили якуний ҳисоб-китобидан қопланган.
2018 йил пахта хом-ашёсини етиштириш учун 26 млн. 119 минг сўмлик имтиёзли кредит ресурси ажратилган.
«Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигининг 05.09.2018 йил ҳолатига бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан 450 минг 552 сўмлик қарздорлиги мавжудлиги аниқланган.
Фермер хўжалигининг балансида қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд эмаслиги ҳамда туман ДСИга топширилган ҳисоботларида 1 нафар ишчи, яъни раҳбари Н.Қиличеванинг борлиги аниқланган.
Мақоладаги фермер хўжаликка хизмат кўрсатувчи банк «Агробанк» АТБ Иштихон филиали томонидан 2017 йил 14 декабрь куни фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан 2017 йил пахта ҳосили учун кўрсатилган техника хизмати учун 2 млн. сўм миқдорда пул маблағларини асоссиз равишда кўчириш йўли билан олиб қўйилганлиги ҳолати юзасидан фермер хўжалигининг (тадбиркор) 2 млн. сўмлик пул маблағларини асоссиз равишда «Одиллик Қувончбек даласи» фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига кўчириш йўли билан хусусий мулк ҳуқуқини қасддан бузганлиги учун «Агробанк» АТБ Иштихон филиали бошқарувчиси Ш.Ибрагимовга нисбатан 05.09.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-1-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
«Агробанк» АТБ Иштихон филиали томонидан 05.09.2018 йилда «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигининг асоссиз равишда олинган 2 млн. сўмлик пул маблағлари ҳисоб рақамига қайтарилиши таъминланган.
Бундан ташқари, фуқаро Н.Қиличева 2018 йил 25 апрель куни «Митан истиқлоли» ММТП раиси А.Раббимов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси А.Халилов ва туман ИИБнинг ходимлари Б.Усанов ва Д.Усмонов яшаш уйига келиб, турмуш ўртоғи А.Бобоевга мажбурлаб фермер хўжалиги ер майдонларини топшириш ҳақида ариза ёздирганлигини баён қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида туман ИИБ бошлиғи номига хизмат текшируви ўтказиш тайинланиб, хизмат текшируви хулосасида туман ИИБ профилактика инспекторлари Б.Усанов ва Д.Усмоновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг меъёрий ҳужжатлари асосида олиб борилганлиги, улар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаганлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, «Митан истиқлоли» ММТП раиси А.Раббимовнинг ер майдонларини такрорий экин экиш учун сотганлиги, фуқаро Н.Қиличева ва А.Бобоевларнинг туман «Халқ қабулхонаси»га мурожаат қилганлиги ҳамда уларга тан жароҳати етказганлиги ҳолатлари аниқланмаган.
Ўрганиш жараёнида фуқаро Н.Қиличева ва турмуш ўртоғи А.Бобоевлар 2018 йил ҳосили учун фермер хўжалигининг 13,1 гектар ер майдонига экилган ғўза майдонини апробация қилингандан сўнг ер майдонини қайта олиш ёки олмаслигини билдирган. Шундан кейин тегишли мутахассислар иштирокида ғўза майдонини апробация қилиб, гектарига ўртача 5,5 центнердан ҳосил олинишини айтгандан сўнг ер майдони керак эмаслигини билдиришган.
«Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигининг ер майдонлари туман ер захирасига қайтарилган бўлса-да, аммо туман ҳокимлиги мутассаддилари томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, натижада ер майдони А.Раббимов томонидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинганлиги боис, аниқланган қонунбузилишлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида туман ҳокими номига тақдимнома киритилган.
Мақолада кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш натижаси бўйича бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2018 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этилган.
Таҳририятдан: Албатта, сансалорликка йўл қўйган мутасаддилар тегишли жазосини (адолатлимикан?) олгани кишига бироз таскин беради. Лекин мазкур дала майдони туман прокурорининг секторида жойлашгани, вазиятга туман прокуратураси томонидан нега бу қадар лоқайдлик билан қаралгани, фермернинг мурожаати фақатгина онлайн нашрда эълон қилингач мутасаддилар жавобгарликка тортилгани кишини ҳайратга солади, холос.
Мавзуга оид
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024
Фарғонада кредит ажратиш эвазига фермердан пул олган банк филиали менежери аниқланди
13:41 / 02.10.2024
Деҳқоннинг “уйи куйди”: Кегейлида 14 гектар пишай деб турган шоли даласи бузиб ташланди
19:46 / 30.09.2024