MAQOM ART форумидан кейин Шаҳрисабзда нима ўзгарди?
6 сентябрь куни Шаҳрисабзда I Халқаро мақом санъати форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлоднинг мумтоз мусиқага бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ташкил қилинган. Халқаро мақом санъати форуми биринчи марта ўтказилмоқда. Давлат раҳбари қарорига мувофиқ ушбу тадбир икки йилда бир марта ўтказилади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов MAQOM ART форумидан кейин Шаҳрисабзда нима ўзгаргани ҳақида сўз юритди.
Вазифалар ва қийинчиликлар
Шаҳрисабзда биринчи марта халқаро даражадаги фестиваль ўтказилмоқда. Бу тадбирни Ўзбекистоннинг бундан-да машҳурроқ шаҳарларида ўтказиш мумкин эди. Бироқ янги чўққиларни забт этиш ва Қашқадарё вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Стратегик вазифалар бўлди, ҳаммаси ҳам осон кечмади. Улар нафақат саҳна, амфитеатр, концерт дастурини тайёрлаш, балки туристик инфратузилма билан ҳам боғлиқ бўлди. Қисқа фурсатларда шаҳарда инфратузилма яхшиланди, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинди.
Шаҳрисабз бугун
Бугунга келиб Шаҳрисабз бемалол 5000 нафаргача меҳмонни қабул қила олади. Электр таъминоти билан боғлиқ ишлар олиб борилди, иллюминациялар яратилди. Шаҳар деярли тўлиқ қайтадан асфальтланди. Ишлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Туристик автобуслар, мини-автобуслар, автомобиллар ва ҳатто электрокарлар харид қилинди. Afrosiyob тезюрар поездлари қатнови йўлга қўйилди.
Ҳар бир ҳудуд ўзига хос
Қашқадарё вилоятининг ҳар бир тумани махсус яратилган "этно-шаҳарча"да намойиш этилди. Бу ерда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, тарихий ва маданий меросининг фарқланишини кўриш мумкин. Бугунга келиб этно-шаҳарча 14 вилоятни ўзида жамлаган, лекин унинг кўлами кенгайиб ва ривожланиб бораверади. Ҳар бир ҳудуднинг маданий ўзига хослиги ва туристик салоҳияти ноёбдир. Ушбу этно-шаҳарча бўйлаб ҳаракатланиб, барчасига ўз кўзингиз билан ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини имкон қадар очиб беришга ҳаракат қилинди.
Маданий мерос
Сайёҳларни юртимизнинг бой тарихи ва маданияти билан таништириш учун нафақат экспозициялар, балки Ўзбекистон маданияти учун анъанавий ҳисобланган бадиий образлардан ҳам фойдаланилмоқда. Шаҳрисабзда профессионал актёрлар уларнинг сиймоларини акс эттиришди. Амир Темур, Алпомиш ва Барчиной, Алишер Навоий ва б. Бу нафақат маҳаллий аҳолини, балки хорижлик меҳмонларни ҳам қизиқтириб қолди.
Хавфсизлик ва tourist-friendly
Tourist-friendly тамойилини инкор этмаган ҳолда хавфсизликни юқори даражада сақлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва кўнгиллилар билан катта ишлар қилинди. Барча кўнгиллилар таниш осон бўлиши учун махсус формаларда хизмат кўрсатишди. Туристик полиция фаолияти йўлга қўйилди. Ўйлашимча, уларнинг бари ўз вазифаларини кўнгилдагидек уддалашмоқда. Шунингдек шаҳарда қисқа муддатларда янги видеокузатув тизими ўрнатилди. Туристик полиция нафақат автомобиллар, балки сигвей ва скутерлар билан ҳам таъминланди.
Туристик полиция ва милиция
Туристик полиция нимаси билан милициядан фарқ қилади? Улар махсус формада, хорижлик меҳмонлар билан ишлашга яхши тайёрланган бўлади, аксарияти ҳатто учдан ортиқ тилни билади. Яъни агар сайёҳ ёқимсиз вазиятга тушиб қолган бўлса, масалан, йўқолиб қолса ёки соғлиғи билан боғлиқ муаммолар юзага келса, туристик полиция ходимлари муаммони тушуниб, қисқа фурсатларда уни ҳал қилишади.
Энди сайёҳ ёрдам сўраш учун инглиз тилини биладиган одамларни қидириб юришига ҳожат йўқ. Бу ходимлар хорижлик меҳмонлар билан максимал даражада тўғри мулоқот қила олишади. MAQOM ART 2018 фестивалининг кўплаб меҳмонлари туристик полиция томонидан хайрихоҳлик, профессионализм ва ёрдамга тайёрликни алоҳида таъкидлашди. Шу кунларда улар ҳар доимгидан-да кўпроқ ишлашмоқда.
Кейинги вазифа
Шаҳрисабзнинг улкан салоҳиятини кашф қилишга доир ишлар бундан кейин ҳам олиб борилади. Миллионлаб одамлар бу ажойиб шаҳарда қанчадан-қанча "жавоҳирлар" яширин эканини билишмайди. Бизнинг кейинги вазифамиз уларни шуларндан хабардор қилишга кўмаклашишдан иборат.
Мавзуга оид
13:48
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
08:54 / 12.09.2024
Шаҳрисабз аэропорти фуқаро авиацияси парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади
08:30 / 27.07.2024
Истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолати фош этилди
15:10 / 25.07.2024