Ўзбекистон | 21:56 / 07.09.2018
4627
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Малайзия савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди   

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов Малайзия халқаро савдо ва саноат вазири Дарелл Леикинг билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашув вақтида томонлар икки томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишган. Учрашув давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, эркин иқтисодий ҳудудлар, бизнесни олиб бориш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Фото: Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси матбуот хизмати

Дарелл Леикинг икки давлатнинг салоҳияти катталигини таъкидлаган ҳолда қолган соҳалар қаторида кимё, электротехника, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларида савдо алоқалари ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлигини айтган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўрта ва кичик бизнес вакилларининг Малайзия онлайн савдо платформаси – Digital Free Trade Zone’да иштирок этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинган. Бу платформада товар ва маҳсулотларни илгари суриш имконияти мавжуд.

Шунингдек, логистика масалалари муҳокама қилинган. Малайзия томонидан ўзбек маҳсулотларини темир йўл орқали Хитойгача ва у ердан денгиз йўллари билан Малайзиянинг тегишли портларигача етказишни ташкиллаштириш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинган. Бу эса кўрсатилаётган логистика хизматлари нархини камайтиришга имкон беради. 

Учрашув натижаларига кўра Малайзия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга 31 октябрдан 2 ноябргача ташрифини ташкиллаштириш бўйича келишувга келинган.

Мавзуга оид