Жаҳон | 09:59 / 10.09.2018
6625
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла раҳбарини ағдариб ташлаш режаларини ўрганиб чиққан

Фото: Getty Images

АҚШ маъмурияти ходимлари Венесуэла ҳукуматини тўнтариб ташлашни режалаштирган маҳаллий ҳарбий хизматчилар билан алоқада бўлган. Бу ҳақда The Independent хабар қилмоқда.

Америкалик амалдорлар, 2017 йилнинг кузидан бошлаб бир неча марта исён кўтармоқчи бўлганлар билан учрашувларда иштирок этишган. Таъкидланишича, Венесуэладаги жуда тезлик билан ёмонлашиб бораётган иқтисодий аҳвол фонида камида учта гуруҳ мамлакатдаги ҳокимиятни куч билан ағдариб ташлашни режалаштирган. Ўшанда АҚШ президенти Дональд Трамп маслаҳатчилар билан вазиятга аралашиш эҳтимоли ҳақида гаплашган.

Натижада, исёнкор гуруҳлардан бири Европа давлатларидан бири орқали Америка элчихонаси ёрдамида Оқ уй билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилганда, уларга дипломат жўнатилган. У учта учрашувда қатнашган, лекин музокара олиб бормаган, фақат тинглаган. Охир-оқибат, Вашингтон ҳукуматни ағдариб ташламоқчи бўлганларга ёрдам бермасликка, аралашмасликка ва уларга моддий ёрдам тақдим этмасликка қарор қилди. Натижада, венесуэлаликлар уч марта тўнтаришни амалга оширишга уриндилар, уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия, Колумбия ва Перу Венесуэла инқирозига аралашгани хабар берилганди. 

Мавзуга оид