Спорт | 20:20 / 10.09.2018
5594
2 дақиқада ўқилади

УЕФА ЕЧЛ финалини Нью-Йоркда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда

УЕФА Чемпионлар лигасининг финал учрашувини АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказиш борасида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Испаниянинг медиамаҳсулотлар билан шуғулланувчи гигант компанияси – Mediapro асосчиси Хауме Роурес маълум қилган.

Mediapro бош директорининг Catalunya радиосидаги шоу вақтида берган маълумотига кўра, Европа футболининг бош ташкилоти қабул қилган ушбу қарор замирида чемпионат ўйинларини Шимолий Америкада ўтказиш борасида шартнома имзолаган Ла Лига раҳбариятининг ғояси ётибди.

«Музокаралар давом этмоқда. Чемпионлар лигасининг финал ўйинини Нью-Йоркда ўтказиш имкониятлари ўрганиб чиқиляпти», - деган Роурес. Каталониялик медиамагнат айни воқеликнинг батафсил тафсилотларига, хусусан ЕЧЛнинг қайси мавсуми ҳақида гап кетаётганига тўхталмаган.

Аввалроқ УЕФА президенти Александер Чеферин ЕЧЛ ўйинлари 2024 йилга қадар фақат Европа ҳудудида бўлиб ўтишишини ишонч билан таъкидлаган эди.

«Бир пайтлар мендан: «Чемпионлар лигаси ўйинлари хорижда, масалан Нью-Йоркда ўтказилиши мумкинми?» деб сўрашганида, нега энди мумкин бўлмасин экан, дея жавоб бергандим. Кўпчилик буни худди УЕФАнинг аниқ режасидек қабул қилган эди.

Ҳозир шуни айтишим мумкинки, 2024 йилгача ҳеч нарса ўзгармайди – ЕЧЛ ўйинлари фақат Европа ҳудудида бўлиб ўтади. 2024 йилдан сўнг нима бўлишини кейин муҳокама қиламиз», - деган эди УЕФА раҳбари.

«Испания чемпионатига келсак, Ла Лига ўйинларини АҚШда ўтказиш учун Испания футбол федерацияси, УЕФА, АҚШ футбол федерацияси ва КОНКАКАФ билан келишувга эришиши керак.

Умуман олганда, мен бу ғояга қарши эмасман. Бироқ буни тасдиқлаш жараёни анчагина вақт талаб қилади. Менимча, Ла Лига ҳаммасини келишиб олгандан кейингина ўз режаларини эълон қилгани маъқулроқ эди», - деган Чеферин август ойи охирида берган интервьюсида.

Мавзуга оид